ИСЛОМ - ТИНЧЛИК ДИНИ

{$article.title|escape:html}
107

Ота боболаримизни қўлларини дуога  очишганда; “Илоҳим жаннатмакон юртимиз тинч бўлсин. Юртимизга кўз тегмасин”- деб дуо қилишади. Ушбу дуо замирида Аллоҳ таолонинг муборак каломидаги Иброҳим алайҳиссалом дуолари эсга тушади. У зот яшаб истиқомат қилган юртлари Макка ҳақига: "Эй Роббим, бу (Макка)ни тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларга (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!” деб-дуо қилдилар (Бақара, 126). Шу дуо неча минглаб йилларки, инсоният тилида тўхтамайди. Ҳақииқатан, инсонга кўпгина неъматларни берилган бўлсаю-у, тинчлик неъмати бўлмаса, бошқа неъматларнинг лаззати татимайди.

Тинчлик сўзи араб тилида “салами”, “ислом” маъноларини ўз ичига олади. Саккизта жаннат бўлса, бирининг номи “Дарус-салам”,  яна бир маъноси “амн”.  Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Албатта тақволи зотлар (у кунда) осойишта  жойда” , “Улар у жойда хотиржам бўлган ҳолларида ҳар турли мевани чорлайдилар” (Духон, 51 – 55). Ушбу оятлар мазмунида ҳам жаннатнинг жаннатлиги тинч ва хотиржамлигида экани маълум бўлади. Кексаларимизни яна “Жаннатмонанд юртиимзга кўз тегмасин”, деб дуо қилишади. Юртнинг жаннатга қиёс қилиниши унинг тинчлигида ва шу заминда яшаётган кишиларнинг осойишта хаёт кечираётганлари билан боғлиқ.  Демак, тинчлик хукм сураётган диёрни жаннатга қиёс қилса арзийди.

Ҳадиси шарифда: “Киши эрталаб уйқудан уйғониб турса, унинг оиласи тинч, тани соғ, уйида егулик озуқаси барқарор бўлса, неъматларнинг барчасига муяссар бўлибди”, деб марҳамат қилинади. Бунга шукр қилиш керак. Аммо неъматларнинг осойишталиги, барқарорлиги, бардавомлигига  раҳна солишга уринаётган, жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлаётган, тинч аҳолига бузғунчилик таъсирини ўтказувчи кучлардан сақланиш ҳам шукроналикнинг асосий тамойилидир. Аллоҳ таоло: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!” (Моида, 2) деб, диннинг мазмун-моҳиятида фақат яхшилик қилишга чақирилганини таъкидламоқда.

Зеро, Қуръони каримнинг бир неча ўринларида одамлар ичида бузғунчилик, иғво, фитна, ношукурлик ҳолатларини келтирувчи салбий ҳаракатлардан қайтарилган.

Айни пайтда, бузғунчи ғояларни тарқатувчи тоифаларга нисбатан муросасизлик ҳар бир мусулмоннинг шиори бўлиши керак.

Ҳозирда дин номидан гапираётган, уни  мақсадлари учун “байроқ” қилиб олганлар турли объектларга, тинч аҳолига карши куч ишлатмоқдалар. Гуноҳсиз кишилар террорнинг қурбонига айланмоқда.

Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, эзгу амаллар, улуғ мақсадлар саробга айланади. Ер юзи тор ва зиқ кўринади.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда,  тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол  улар ўртасини ислоҳ этингиз!” (Ҳужурот, 9) деган.

Унутмаслик керакки, дунёнинг барча ҳудудидаги террористик ҳаракатлар туфайли гуноҳсиз одамлар мажруҳ бўлган, бевақт ҳаётдан кўз юмган. Маълумотларга қараганда нотинчлик ва уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд  одамнинг ёстиғи қуриган.

Холбуки, инсонлар ҳаётига зомин бўлиш барча динлар қатори Ислом динида ҳам гуноҳи азим ҳисобланади. Бундай гуноҳларни содир қилаётганларга Яратганнинг жазоси ҳоли-ҳаётда ҳам, охиратда ҳам муқаррар.

Дин манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деб даъво қилаётган айрим одамлар ўз динларининг таълимотини тўла тушуниб етмайди. Диндан ҳеч қандай дунёвий мақсад учун фойдаланиш мумкин эмаслигини англамайди. Уни ҳаётга нотўғри татбиқ этади. Охир-оқибат аянчли ва ситамкор вазиятлар юзага келади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳар қандай шаклдаги зулм ва зўравонлик Ислом ақидасига мутлақо зиддир. Бинобарин, илоҳий кўрсатмаларга қарши бориб, бегуноҳ одамларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлаётган шахслар дунё ҳаётида мақсадларимизга эришдик деб ўйлашлари аянчли аҳвол ва нотўғри йўлдир. Дин-диёнатнинг олий ахлоқий амр-фармонларини англаб етган ва зиммасига олган ҳар бир шаҳс инсонпарварлик ва эзгуликни дўст тутиши табиий.

Чин мусулмон дунёни обод ва кўркам этувчи, унинг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги, осойишталиги борасида холис ҳизмат қилувчи кишидир. Аслида, мусулмоннинг мақсади умуминсоний манфаатлар йўлида эзгу ният, меҳр-мурувват, самимийлик, саҳоватпешалик, бағрикенгликдек билан хизмат қилишдир. имонли кишиларнинг қалбида раҳм-шафқат, меҳрибонлик, адолатпарварлик, софдиллик, кечиримлилик, камтарлик, беғаразлик, фидоийлик, сабр-тоқат каби эзгу туйғулар мужассам бўлади. Зеро,  Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

"Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи ва мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта, Аллоҳ мутакаббир ва мақтанчоқ кимсаларни севмайди", (Нисо, 36) деган.

Айнан шу оятлар мазмунидан Аллоҳ таоло дунёда эзгуликни дўст тутишини англаймиз. Инсонпарвар, эътиқодли одам жамиятга нисбатан кўнгли очиқ, муомала маданияти мўътадил, хайрли ишлари зиёда, эзгу амалларга чанқоқ бўлади. Бу қандай яхши, қандай гўзал!

 

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ,

Наманган шаҳар “Ҳидоя” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1981

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1917

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1713

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1835

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad