РАЖАБ ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ

{$article.title|escape:html}
1703

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Қуръони каримда ойларнинг сони ўн иккита қилиб яратилгани, булар биргаликда йил ҳисобини ташкил этиши баён этилган.

Аллоҳ таоло ана шу ойларнинг тўрттасини, яъни Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа ойларини “ҳаром”, яъни уруш ва қон тўкишлар ҳаром қилинган ойлар деб эълон қилди. Бу ойларда уруш қилишни Аллоҳ таоло ҳаром қилган. Мазкур тўрт ойда агар уруш қилинса, Аллоҳнинг ҳукмини ўзгартириб, ҳаром нарсани ҳалол ҳисоблаш бўлади. Бинобарин, бу катта гуноҳдир. Ҳижрий – қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб бўлиб, у ҳаром ойларнинг биридир. Бу муборак ойга боғлиқ бир неча маълумотлар бор. Уларнинг баъзилари мазкур ойнинг ҳаром ойлардан бири эканини баён этади.

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِنْدَ اللَّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللَّهِ يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ... (سورة التوبة/36

яъни: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) тақиқланган ойлардир...”.

Азиз  жамоат!    Бугунги мавъизамиз мавзуи Ражаб ойига бағишлангани боис бу сўзнинг маъносини ҳам тушуниб олайлик. “Ражаб” сўзи луғатда «ҳаё қилмоқ, ҳурмат қилмоқ, сақламоқ»  каби маъноларни англатади. Ҳижрий-қамарий тақвимнинг еттинчи ойи Ражаб – Аллоҳ урушни ҳаром қилган ойларнинг бири бўлгани учун шу номни олган. Ҳаром ойлардан бўлгани учун бу ойда нафл рўза тутишнинг савоби улуғ. Бу ойнинг фазилати шундаки, унинг йигирма еттинчи кечаси Пайғамбар алайҳиссаломнинг Исро ва Меърожлари содир бўлган.

Уруш ҳаром қилинган ойлар – Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари яхшилик асоси қилиб қўйилгани, бу ойлар ҳурматланиши зарурлиги одатий ҳол эди. Бу ойларда жоҳилият вақтида ҳам урушлар тўхтаган.

Бир йилда тўрт ойни урушсиз ой, уруш ман этилган ой деб эълон қилиш бутун дунёда тинчлик ва осойишталикни кўзлаб қўйилган ажойиб илоҳий тадбир эди. Ҳарамайни шарифайн (Макка, Мадина) макон жиҳатидан тинчлик-омонлик минтақаси бўлса, уруш ҳаром қилинган тўрт ой замон жиҳатидан тинчлик-омонлик даври эди.

Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён этилишича:

"اِنَّ الزَّماَنَ قَدْ اِسْتَدَارَ كَهَيْئَةِ يَوْمَ خَلَقَ اللهُ السمواتِ وَالأرْضَ، السَّنَةُ اثنا عَشَرَ شَهْراً، مِنْهَا أرْبَعَةٌ حُرُمٌ، ثَلاَثٌ مُتَوَالِيَاتٌ: ذُو القعدة وذُو الحجة والمحرمُ، وَرَجَبُ مُضَرَ الذي بَيْنَ جمُاَدِى وَشَعْبَانَ" (رواه البخاري

яъни: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳажларида хутба қилиб: “Албатта, замон Аллоҳ осмонлару Ерни халқ қилган кунидаги ҳайъатига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси ҳаром ойлардир. Учтаси бирин-кетин: Зул қаъда, Зул ҳижжа ва Муҳаррам ва Жумади ва Шаъбон орасидаги Музарнинг Ражаби», дедилар” (Имом Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Ражаб ойи ҳам муҳаррам ойлардан бўлгани учун унда нафл рўза тутиш савобга эга бўлишнинг йўлларидан бири ҳисобланади.

وَعَنْ عُثْمانَ بْنِ حَكِيم الأَنْصَارِي قَالَ: سَأَلْتُ سَعِيدَ بْنِ جُبِيرٍ عَنْ صَوْمِ رَجَبَ ؟ وَنَحْنُ يَوْمَئِذٍ فِي رَجَبَ. فَقَالَ : سَمِعْتُ ابْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا  يَقُولُ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَصُومُ حَتَّى نَقُولَ: لاَ يَفْطُرُ. وَيَفْطُرُ حَتَّى نَقُولَ: لاَ يَصُومُ. (رواه مسلم

яъни: Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Ражаб ойида турганимизда Саъид ибн Жубайрдан Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди”.

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. У зот Ражаб ойида ҳам шундай қилган эканлар.

Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли ишлардан ҳисобланса, тутмаслик гуноҳ ҳисобланмайди.

 Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ҳам бу тўрт ой иззат-икром қилинар ва ҳар қандай шароитда ҳам ҳурматланарди. Сизу бизнинг ушбу муборак ва улуғ ойларни ёд этиб туришимиздан мақсад – уларнинг фазилатларидан ташқари, йил кетидан йил, ой кетидан ойлар ва кун кетидан кунлар бетиним ўтаётгани ва бу билан умримиз ҳам тўхтамай ўтиб бораётганини тез-тез эсга келтириб туриш, демакдир. Агар инсон фақат дунё лаззатларига ўралашиб  қолиб, унинг турли васвасалари билан овора бўлиб қолса, охират ташвишларидан ғафлатда қолади, ҳатто уларни унутишгача боради. Айни вақтда аксинча, фақат охиратни ўйлаб, жамият ва оила олдидаги вазифаларидан воз кечса ва жамиятдан узилса, боқий дунё мукофотларини бой берган бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

وَمَنْ يُرِدْ ثَوَابَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَنْ يُرِدْ ثَوَابَ الْآَخِرَةِ نُؤْتِهِ مِنْهَا وَسَنَجْزِي الشَّاكِرِينَ (سورة آل عمران/145

яъни: “Ким дунё савоби (ўлжа)ни ирода қилса, унга ўшандан берурмиз. Ким охират савобини ирода қилса, унга (ҳам) ўшандан берурмиз. Шукр қилувчиларни эса, албатта, мукофотлаймиз”.

Шояд, бу билан азиз умримизни ғанимат билиб, хайрли ва солиҳ амалларни қилиб боришга саъй-ҳаракатларимизни янада зиёда қилсак, Аллоҳ таоло буюрганидай ҳаёт кечирган бўлур эдик. Айниқса, ушбу ойнинг маъносида мужассам бўлган тинчликнинг қадрига етиш, уни асраш ва барқарорлигига ўз хиссамизни  қўшиш огоҳ ва хушёр яшаш, ҳалол меҳнат қилиш, ота-онага ғамхўрлик қилиш фарзандлар тарбиясини бағоят эътибор билан амалга ошириш, хайр садақа қилиш энг савобли амаллардандир.

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло “ҳурматланган” ойларда айниқса гуноҳ ишлардан сақланишга, мазкур ойларни кўпроқ ибодат, зикруллоҳ билан ўтказишга буюради. Мана бу ойларда имкон қадар солиҳ амалларни кўпроқ бажаришимиз, атрофимиздаги ночор ва муҳтож кишилар ҳолидан хабардор бўлиб, уларга ёрдам қўлини чўзишимиз зарур бўлади. Чунки ўтаётган ҳар бир кунимиз ғанимат, ҳар бир соатимиз ортига қайтмайди. Ҳамма нарсанинг исрофи бўлганидай, вақтнинг, умрнинг ҳам исрофи бор. Шу боис, кунлар ва ойларни чиройли амаллар, эҳсон ва яхшиликлар билан безаш мусулмон кишининг вазифаларидандир.

Аллоҳ таоло “ҳурматланган, уруш ҳаром этилган муҳаррам”, ойлардан бўлмиш Ражаб ойини барчаларимизга муборак айласин. Жаннатмонанд юртимиз осмонини мусаффо, халқларини тинч ва фаровон айлаб, ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини барқарор қилсин. Азиз умримизнинг ҳар бир йили ва ойини солиҳ амаллар, яхшиликлар ва эзгуликлар билан безашимизни насиб этсин, ҳаммаларимизга икки дунё саодатини ато қилсин, омин!

Tags: ФАЗИЛАТИ, РАЖАБ, ОЙИНИНГ