Дарҳақиқат, кексаларни эъзозлаш, имконияти чекланганларга эътиборли, меҳрли бўлиш азалий қон-қонимизга сингиган қадриятларимиздан. Уларнинг ҳаёт тажрибаларида синалган бебаҳо ўгитлари оилаларнинг тинч-тотув, тўкис бўлишида, фарзандлар тарбияси учун ҳар бир хонадонда қанчалар зарурлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Доноларнинг “Саломга алик – фарз” қабилидаги сўзлари бежиз айтилмаган. Сабаби қайтар дунё, нима қилсак, айни шуни келажакда кўрамиз. Нуроний-фахрийларга ҳар бир юрт фарзанди алоҳида эътибор қаратишга, уларга ҳурмат-иззат кўрсатишга кенг кўламда ҳаракат қилади. Биргина юртимизда ўтказилаётган деярли барча байрамлар фахрийлар, имконияти чекланганлар билан ўтказилиб, бир пиёла чой устида меҳр-мурувват, ҳурмат-эҳтиром каби инсоний манфаатлар етказилмоқда. Умидимиз борки, бундан барчамиз ажр-мукофот оламиз, бахт-саодатга эришамиз. Кексаларни, аёлларни, гўдакларни, ногиронларни эъзозлаш ҳам кишининг раҳм-шафқат эгаси эканидан далолатдир. Бундай меҳридарё инсонлар ўзлари емай баъзида ўзгаларга тортиқ этадилар. Кўнгил олиб, бировларнинг қалбига ҳурсандлик нашидасини бахш этадилар. Яна бир ўйлаб мушоҳада юритайлик. Ҳаётда бировга эҳтиёжи тушуши мумкин бўлган кишилардан бири кексаларимиз экан, уларнинг хизмати учун нуроний ёшига етаман деган ҳар бир инсон катталарга меҳр нури билан эътибор қаратиши керак. Ҳурмат кўрсатишда асосан чин дилдан муҳаббат пайдо қилиш ёки мен ҳам шу ёшга етиб бораман, менга ҳам бир кун келиб кўмакдош лозим бўлади деб икром кўрсатган инсон уларга сидқидилдан муносабат билдиради. Гоҳида очиқ кўнгил билан қилинган хизмат кишига шундай таъсир қиладики, қани энди ҳамма ҳам бу инсон каби фидоий бўлса, меҳр-мурувватли бўлса дегингиз келади. Кўрсатилаётган меҳр, меҳр кўрсатувчини ҳам, меҳр кўрсатилаётган томонни ҳам кўнглини ёруғ айлайди. Унинг натижасида уларнинг ўрталарида узилмас маънавий томир пайдо бўлади. Айтиш жоизки, меҳр – сўзда, амалда, моддий ва маънавий ёрдамда, ижтимоий одобларда кўрсатилади. Аллоҳ таборак ва таоло Қуръони каримда “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй, Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг, (гуноҳлари учун) кечирим сўранг ва улар билан кенгашиб иш қилинг! (Бирор ишга) азму қарор қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг, зеро, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севар” (Оли Имрон, 159) деб, меҳр-шафқатнинг инсоният учун қай даражада зарурлигини уқтирмоқда. Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисолларида кўрсатиб: “Сиз, эй, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Менинг Сизга ато этган раҳматим ва шафқатим туфайли уларга юмшоқ муносабатда бўлдингиз. Акс ҳолда улар Сиздан юз ўгириб, ҳатто диндан ҳам қайтиб кетишлари мумкин эди”, деб меҳр-мурувватнинг инсон қалбига қанчалик таъсири борлигини, ҳаётда унинг қай даражада эътиборли эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган киши нуронийларга, авваламбор, қаршисидаги инсонга нисбатан муҳаббат ҳосил қилиши, сўнгра ўша муҳаббатининг даражасида меҳр-шафқат кўрсатиши керак бўлади. Ногирон ва кексаларга, уларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб беморлик, қарилик асоратлари ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Энди буларга манфаат етказаман деб хизмат кўрсатувчи киши, албатта, меҳри билан ёндашиб, муаммони еча олади. Бунинг учун мукофотга сазовор бўлади, иншоаллоҳ.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилояти вакили