Отасиз болага васий отадир

{$article.title|escape:html}
308

Етимларни моддий маблағ жамғармалари, келаётган маблағларини омонат тариқасида сақлаб, вақти-соати етиб келганда уларга топшириш мўмин-мусулмоннинг хусусиятидандир. Улар молини асраб-авайлаш ҳақида Мусо алайҳиссалом билан солиҳ инсоннинг ҳикояси келтирилади. Аллоҳ таборак ва таоло Қуръони каримда “Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди. Мен бу (ишларни) ўзимча қилганим йўқ. Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвили (шарҳи)”.(Каҳф, 82) деб, Мусо алайҳиссаломга етимнинг молини қанчалик эҳтиёт қилиб сақлаб, унинг ўз ўрни ва вақтида етимга етишини таъминлаш даркорлиги ҳақидаги воқеани ёритиб берилади.

Айни шунинг учун ояти карималарда уларнинг маблағлари бўлса, қачон ва қай тариқа қайтариш лозимлиги тўғрисида Қуръони каримда “Етимларни, то балоғат ёшига етгунларига қадар  назорат қилиб (вояга етиш вақтини кузатиб) турингиз: вояга етганларини сезсангиз, (қўлингиздаги омонат) мол-мулкларини ўзларига топширингиз! Уларни исроф қилиб ва (улғайиб қолмасинлар деб) шошқалоқлик билан еб юбормангиз! Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин. Агар камбағал бўлса, яхшиликча (меъёрида олиб) есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда, уларга гувоҳ чақирингиз. Аллоҳ ҳисоб-китобда кифоя қилувчи зотдир” (Нисо, 6)

Етимнинг молига, то у вояга етгунича, яқинлашмангиз, илло чиройли йўсинда бўлса майли. Аҳдга вафо қилингиз! Зеро, аҳд-паймон (қиёмат куни) сўраладиган ишдир” (Исро, 34) деб, Аллоҳ таоло хоссатан, ояти карималарни нозил қилди. Агар бу кўринишга қайси мўмин вакил қилинган бўлса уни тўғри ва адолат билан бошқариш ҳақдор бўлган етимнинг молини ноўрин ишлатиб етим ҳақига хиёнат қилиш, қиёмат кунида у кишини қийин ҳолатга олиб келиши ҳақида огоҳлантирилмоқда. 

Маълум бўлмоқдаки, шариатимизда ҳақ-ҳуқуқларни белгилаганда барчанинг ҳақи ҳақ, уни адоси шарт. Лекин, етимнинг ҳақи янада муҳимроқ экани таъкидланади. Етимга эътибор қилишда ўз фарзандига эътибор қилгандек муносабатда бўлишни шарт қилинди. Ўз боласини эркалатган киши етимни ҳам эркалатиши, ўз боласига раво кўрганини, етимга ҳам раво кўриши, айни шунингдек, ўз боласига қўл кўтариш лозим бўлган ҳолатлардагидек вазиятда етимга ҳам шу муносабатда бўлиш адолатпешаликдир. Доно халқимиз одоб-ахлоқ борасида юқоридаги каби тарбияни “Бола азиз, одоби ундан азиз” деб, алоҳида урғу билан нақлларда таърифлайди.

Сумайя Аткийя розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Оиша розийаллоҳу анҳонинг ҳузурларида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди. Шунда Оиша розийаллоҳу анҳо: “Мен етимни тўғри йўлга кириб, адаб олгунича қўл тарбиясини беришим мумкин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Тасаввур қилсангиз, етимларга ёрдам кўрсатиш, овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш атрофдагилар зиммасида бурч ҳисобланар экан, имконияти бор одам бунга аҳамият берса мақсадига етади. Чунки, бу билан етим-есирлар келажакда жамият учун фойдали, манфаатли шахс бўлиб камолга етиши асосий мақсаддир. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу ўринда Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси муборакларидаги етимга қаратилган эътибор, кафолатга олиш васийлик ҳамда раҳм-шафқат, хайри-саховатнинг файзи ва баракаси ҳақида уламоларимизнинг  қуйидаги эзгуликка тарғиб қилувчи ҳикматларини хузурингизга ҳавола қиламиз.

1.Етимни кафолатига олувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жаннатдаги яқинларига айланади.

2.Кафолатига олувчи ва парвариш этувчи унга инфоқ-эҳсон этиб, тарбия бериб, ёрдам қўлини чўзишлиги қалби пок, раҳм-шафқати беқиёс эканлигига ҳужжат бўлади.

3.Кафиллик, васийлик, етимпарварлик киши қалби зулм этиш кайфиятидан узоқлигини билдиради.

4.Етимпарларга “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон (эзгулик)дир” (Раҳмон, 60) деб, башорат қилинган ояти каримадаги мақтовга мушарраф бўлажак.

5.Етимни кафолатига олишлик айни бирлашишлик, силаи-раҳм, мулойимлик, раҳмдиллик, ўзаро муҳаббатни зиёда бўлишидир.

6.Етим-есирларни улуғлаш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини риоя қилиб, муаммоларнинг ечимига кўмак қилиш, айни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаннатда ёнларида бўлиш демакдир.

7.Етимни кафолатга олиш, мусулмоннинг молини поклаб, саҳоватпешалар қаторидан жой олишдир.

8.Ислом динида етим-есирларнинг кафолатида бўлиш, динимизнинг мақтовига сазоворликдир.

9.Файз-барака, раҳмат ва мағфират соҳиби, етимни кафолатга олганлардадир.

10.Роҳат ва фароғатга элтувчи уй етимга кафил бўлган хонадондир.

11.Оила ва фарзандларини дунёда равнақини, фаровонлигини ирода қилган, улардан меҳр-мурувват кўришни орзу этган етим-есирларни кафилига олган соховатпешадир.

Гувоҳи бўлганингиздек, шу ва бошқа бир қанча ҳикматлар борки, унга кўра Ислом дини етим болаларга яхшилик қилиш, тарбия этиш, жамият аъзолари уни ўз қаноти остига олиш учун тарғиб қилган. Уларга амал қилиб, яхшилик қилувчиларга катта ваъдалар, савоб-ажрлар эълон қилган. Барчамизни бу эзгу амал йўналишида имконият даражасида ёндашишимизни Яратганнинг ўзи насибадор айласин. Зеро, улар шоир ўз шеърида таърифлаганидек, доим кўнгли ўксик, боши хам, падари бузруквори, волидаи меҳрибонидан ажраб, орзу-умидлари синиқлик сари юз тутгандир.

Абдулҳай ТУРСУНОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1510

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1469

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1273

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1421

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad