Тани жонга тажовуз – осийлик

{$article.title|escape:html}
291
Ўз нафсига ёки бировларнинг жон-мулкига тажовуз қилиш, зарар келтириш динимизда қатъийян ман этилди. Бунинг замирида инсон оламининг вужудига зарар етказмаслик ҳикмати ётади. Чунки, инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони Аллоҳнинг омонатидир. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70) деб, хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи Яратганга исён қилувчидир. Шу боис, одам фарзандининг танасига тажовуз қилувчи барча зарарларни ҳаром қилинди. У хоҳ ақлига, жисмига, руҳига, азиз жонига ёҳуд қайсидир аъзосига зарар етказишидан қатъий назар у гуноҳи азим деб ҳисобланди. Ким бу гуноҳи азимни қилса, гуноҳи кабира қилувчиларнинг қаторида саналди. Демак, бандага гуноҳ саналган барча осийликдан сақланиш фарз ҳисобланди.
Эътибор қилсангиз, Қуръони Карим бандаларни ўзи ва бировларни яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:
“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195). Бошқа бир оятда: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29), деб ҳаётга тажовуз қилиш мутлақо мумкин эмаслигини уқтириб, бундай ноинсоний тажовузга қўл уришлардан қайтаради. Такрор-такрор ҳаёт неъматига тажовуз қилишликдан сақланиш лозимлигини таъкидлайди. Негаки, бу дун-ёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат эканлиги баён қилинган.
Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим” деганлигини Имом Бухорий ривоят қиладилар.
Қаранг! Ҳакимларнинг ҳакими, доноларнинг доноси ҳазрати Луқмон алайҳиссаломга одамлар савол билан мурожаат қилди. “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” У киши жавоб қилди: “Агар фаразан курраи заминни айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса, етти қават ер бошимда айланса, мен ҳаёт турсам шу яхшироқдир вафот топганимдан”, деб ҳаёт туришлик қадр-қиммати ва неъматини тавсифлашлари ҳар бир жонзот учун беқиёс ибратдир.
Ватандошимиз Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳажжатул вадоъда бўлган муборак хутбаларида мўмин-мусулмонлар, мўмина-муслималарга қарата то даври қиёматгача лозим бўлган таълим-тарбияларда таъкидлаб:
- “Эй одамлар, ҳоҳ ўзингизни ва ҳоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.
- Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.
- Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам шунчалик ҳаромдир”, деб жиддий огоҳлантирдилар. Шунингдек, яна бир ҳадиси муборакда:
- “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади.
- Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади.
- Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Бу муборак ҳадислар орқали Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва яшашга бўлган ҳуқуқ асосининг муқаддаслигини кенг ёритиб бердилар. Хусусан, бу қутлуғ насиҳат билан инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва қаттиқ гуноҳ эканлигини яна бир бор таъкидладилар.
Айни шу билан Сарвари олам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига нақадар меҳрибон бўлганлари, уларни гумроҳликдан, ақлсизликдан, ҳаёт неъматига беписанд бўлишдан том маънода қайтарганларини гувоҳи бўламиз.
Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишликка буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керакки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этишига умид боғлаганмиз.
Хусусан, ҳозирда адашган фирқалар томонидан ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун мутлақо ўринсиз пуч даъво қилиб, муқаддас динимизни ниқоб этиб, ўзларининг нобакор феъллари ва мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари ҳам фитна-фасод, нонкўрликдан бошқа нарса эмасдир. Аслида бу ҳаракатлар негизига назар солсангиз ҳалокатга учраётган шахс ўз ҳаётига тажовуз қилгани, Аллоҳнинг амрига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қарши бўлгани қолади холос. Ўз жонига қасд қилиш, тажовуз этиш, ўзини-ўзи ўлдириш, бузғунчилик ва фисқу-фужур, айнан муқаддас динига, она юртига, яшаб турган жамиятига кўр-кўрона душманликдир.
Аллоҳ таоло барчамизни берган ҳаёти билан яшашлик, ҳаёт неъматига иқрор бўлиб шукрона келтиришликни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи барча тажовуз ва бало-қазолардан Ўзи асрасин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилояти вакили

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1012

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

986

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

857

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

989

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad