Ислом – илм динидир

{$article.title|escape:html}
476

Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.

Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёсдир. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади.

 Али розияллоҳу анҳу таъбирлари билан айтсак, у зот шундай деган эдилар: “Олим рўзадордан ҳам, намозларида қоим намозхон ва мужоҳиддан ҳам афзалроқдир. Агар олим вафот этса Ислом дарз кетади, у ёриқни фақатгина илмли ўринбосаргина ямаши мумкин.”

Дарҳақиқат Аллоҳдан қўрқадиган, илмга хиёнат қилмайдиган уламоларимиз бор экан, бизлар тараққиёт ва фаровонлик сари одимлаб бораверамиз.

Инсоният тарихига назар солсак, оламшумул янгиликларнинг аксари Қуръон Каримни яхши ўзлаштирган мусулмон уламолар томонидан кашф этилганини кўрамиз. Бу ҳам бежиз эмас албатта, чунки Қуръон карим бизларни саодатга элтгувчи осмондан ерга тортилган Аллоҳнинг арқонидир.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ўз ҳадис шарифларида илмнинг фазли ва ажри ҳақида кўп бора таъкидлаганлар.

Қуйида сиз азизларнинг эътиборингизга Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг илм тўғрисида айтган ҳадиси шарифларини ҳавола қиламиз:

Абу Дардоъ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (с.а.в)дан қуйидагиларни эшитдим дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в): “Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта, фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлиб, қанотларини ёзиб турадилар. Дарҳақиқат, олим киши учун ер – осмондаги мавжудотлар ва ҳаттоки сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди” – дедилар.

“Ким илм йўлини тутса, Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллаб қўяди. Албатта фаришталар илм талабидаги кишига рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзиб турадилар”.

“Албатта олимнинг обидга нисбатан фазилати тўлин ойнинг юлдузларга кўра фазлига ўхшайди”.

Илм талабидаги киши билан ибодатдаги обид ораларидаги фарқ худди тўлин ой ила юлдузлар ўртасидаги фарққа ўхшайди. Бу ўхшатишни англаш учун жуда ҳам чуқур билим шарт эмас, чунки Наби (с.а.в) умматга ўз ўгитларини соддагина қилиб тушунтириб берардилар. Бизга уларни тушуниш учун фақатгина эшитиш ёки озгина мутолаа қилиш кифоя.

“Дарҳақиқат уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамларни мерос қолдирмадилар, улар фақатгина илмни мерос қолдирганлар. Кимки уни олса, тўлиқ насиба олибди”.

Оламда Аллоҳ таолога энг яқин зотлар пайғамбарлар. Чунки уларнинг зиммаларида тоғлар ҳам кўтаришга бардош беролмайдиган омонатни етказиш масъулияти бор. Шу сабаб ҳам улар бу йўлда етган азиятларга бардош ила сабр қилганлар. Бутун инсониятни бахтли ҳаёт кечиришлигини таъминловчи бу масъулиятли омонат — Аллоҳнинг бандаларига пайғамбарлари орқали юборган динидир.

Пайғамбаримиз алайҳис саломдан мол-мулк ва дунё ҳақида сўралганда мол-мулкни мутакаббирларнинг ридоси ва дунёни охиратнинг бозори дея таърифладилар.

Дарҳақиқат дунёда мол-давлатини охират учун яхшиликларга ишлатган кишигина бу дунё бозоридан катта фойда кўради, акс ҳолда унинг бойлиги унга фақат кибрнигина зиёда қилади.

Пайғамбарларга эса қўлдан кетиб қолмайдиган бойлик-илм берилган. Улар ҳам бу шарафли илмни ўзларининг меросхўрлари олимларга мерос қолдириб кетганлар.

Ўтган улуғларимиздан фойдали нарса ҳақида сўрашганида "ўзинг билан ҳар доим бирга қоладигани" деб жавоб берганлар. “Ўзимиз билан бирга бўладиган нарса нима?" деганларида, "кема чўкканида сен билан қолган нарса" деб жавоб бердилар.

Демак илм ва яхши амал дунёдаги барча нарсадан афзал экан. Пайғамбарлар бизларга қандай ҳам яхши меросни қолдириб кетган эканлар.

Илмни мерос олган киши барча яхшиликни қўлга киритибди, зеро уламолар ояти каримадаги бу дунёдаги "яхшилик"ни илм ва ибодат деб тафсир қилганлар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар:

"Илм ўрганинглар, албатта уни ўрганиш—Аллоҳдан қўрқишдир. Уни талаб қилиш—ибодат, уни эслаш—тасбеҳ, ундан баҳс қилиш—жиҳод, уни ўргатиш—садақадир. Уни илм аҳлларига етказиш эса—қурбатдир, чунки илм ҳалол билан ҳаромни ажратувчи, жаннат йўлининг маёғи, хилватда дўст, ёлғизликда ҳамсуҳбат, хурсандчилигу хафачиликда суянчиқ, душманга қарши қурол ва ихтилофли ўринларда йўлдир".

Аллоҳ илм сабабли олимларни олий қилиб, яхшилик амалларга йўлбошловчи қилади. Фаришталар, жамики хайвонлар, паррандалар, денгиздаги балиқлар хаттоки ҳўл—қуруқ нарсалар борки барча—барчаси олимнинг илми сабабли унга истиғфор айтади.

Илм қалбларнинг ҳаёти ва кўзларимизнинг нуридир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳадисда келтирилган олимлардан бўлиб Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлишимизни насиб айласин!

 http://www.bukhari.uz/index.php/maqolalar-2/1590-quran

2-давра 14-босқич тингловчиси
Ёкуббоев Абдулходи

Янгиқўрғон тумани “Заркент” жоме масжиди имом хатиби

http://www.bukhari.uz/index.php/maqolalar-2/1590-quran

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1508

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1468

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1268

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1421

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad