Касб-ҳунар ҳаётимиз мазмуни

{$article.title|escape:html}
633

Қайси жамият ўз аъзолари турли қатламларини фойдали фаолиятга йўналтира олсагина у кучли ва истиқболли бўлади. Ҳозирги кунда Президентимизнинг алоҳида урғу бериб аҳолини бандлигини таъминлаш, иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг келажаги тўғрисида қайғурмоқдалар.

Бу биз учун чиндан ҳам муҳим аҳамиятли, фарзандларимизнинг ишли, ҳунарли бўлиб, ҳалол ризқ-рўз топишларининг асосий омили ҳисобланади.

Маълумки, Аллоҳ таоло барча жонзотлар қатори инсоннинг ҳам ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлсада, уни излаб топишни касбу камолот орқали бўлишини самовий китоблар орқали тушунтириб берган.

Пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлар. Касб-ҳунар билан шуғулланганлар. Улар ризқ Аллоҳ тарафидан эканлигини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтишмаган. Жумладан, пайғамбарлардан, Одам деҳқончилик, Нуҳ дурадгорлик, Идрис тикувчилик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик касби эгаси бўлганликлари сийратлардан маълум. Бу эса уларнинг Аллоҳ таолонинг касбу камолотга буюрган талабига мувофиқ эканини кўрсатиб турибди.

Динимизда инсон ўз ризқини ҳалол йўл билан топишга буюрилган бўлиб, шундай дейилади: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан (ҳалол касб орқали) еб, унга шукр қилингиз».,

Дарҳақиқат, ҳалол ризқ талаб қилиш Одамдан бошлаб барча инсонларнинг мақсади ва ҳаётдаги дастури бўлиб келган.

Мана шу мақсадларни кўзлаб халқимиз фарзандларини илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиши айни миллатимизга хос анъана. Шу сабаб ота-боболаримиз зурриётларини саводини чиқариш, ҳунарли қилиш учун энг яхши усталарга шогирдликка берганлар. Бошқа шаҳар ва юртларга билим олиш учун юборганлар. Халқимиз ҳаёт тарзида илму ҳунар доимо улуғланиб келинган. Илмли, ҳунарли, бўлишга доимо даъват қилинган. Бунда олимларнинг “Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-ҳуши ва касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир” деган сўзларини келтириш ўринли.

Шунинг учун ҳам бизнинг миллатимизда ҳар бир ота ўз ўғлини, қизини ҳунар ўрганиш учун устозга энди “эти сизга, суяги бизга” деб топширган. Фарзандининг ўқимишли, яхши касб-корли, қўли гул уста бўлишини доимо дуосида ҳам, амалиётида ҳам орзу қилиб келган. Шогирд эса, ўқиб, ўрганиб устознинг оқ фотиҳаси билан уста сифатида иш бошлаган ва оқ фотиҳага умрбод содиқ қолган. Бу ёшларимиз ҳар қандай шароитда олган билимларига хилоф иш қилмайдилар, сифатсиз иш бажаришни ўзларига ҳеч эп кўрмайдилар деган маъно-мазмунни ифода этган. Ана шу сабабли миллатимиз ер куррасида таълим, фан ва маданият сохасида “тамаддун” деган юксак чўққига эришган. Яхши касб-ҳунар эгаси бўлиш, инсоннинг энг катта зийнати бўлиб, унинг бутун ҳаёти давомида юксак мавқе, катта-катта фойда соҳиби бўлишга эриштиради. У ҳунар туфайли фароғатга, камолатга етади, иззат-икром топади.

Истиқлолимиздан кейин ҳукуматимиз бежирим касб-ҳунар коллежларини барпо қилиб берди. Унда барча имкониятлар яратилди. Шу билан ўқувчиларнинг касб-ҳунарга мойиллигини, лаёқатларини, билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг танлаган йўналишлари бўйича бир ёки бир неча замонавий касб эгаси бўлиш имкониятини жорий этди.

Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунар эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ҳар бир ўқувчи ва талаба онгли равишда ўзларига сингдиришлари ва буни тушуниб етишлари лозим. Муқаддас ислом динимиз кўрсатмалари бўйича мўмин-мусулмонлар, имон-эътиқодли, ихлос ва ибодатли бўлиши билан бир қаторда дунёвий илмларни талаб қилиши лозимлиги уқтирилиб шундай дейилади: “Илм Хитойда бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”

Шу мазмунни ўзларининг ҳаётларига дастурул амал қилиб олган буюк муҳаддис Ватандошимиз Имом Бухорий ҳазратлари илмга нисбатан қўйидаги фикрни айтадилар.

«Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай».

Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча Пайғамбарлар, шу жумладан бизнинг Пайғамбаримиз ҳам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий ишлар, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб дехқончиликкача, хатто уй-рўзғор ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.

Ҳазрати Али ҳам ҳар бир даврда ўзига хос, ўрганишлик лозим бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб: “Болаларингизга келажак даври илмини ўргатингиз, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келадилар”-деганлар.

Шу ўринда Абдулқодир Бедилнинг байтларидан бирини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Инсоннинг қиммати эмас сийму зар.

Инсоннинг қиммати илм ҳам ҳунар.

Азиз ёшларимизга Президентимизнинг, элу юртнинг ишончи катта. Бу ишончга касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг ҳар бири содиқлигини билдириши керак. Бу нималарда акс этади? Авввало, ҳар куни ўз коллежларида бўлишлари, дарсларни ақалли бирон соатини қолдирмасликлари керак. Бўш вақтларида компъютер хоналарида замонавий илм-фан ютуқларини, интернет орқали жаҳондаги янгиликларни ўзлаштириб олишлари, ўз мутахассисликлари бўйича қўшимча маълумотларга эга бўлишлари керак. Ўз қизиқиш ва интилишларига қараб, қўллари бўшади дегунча амалиёт билан шуғуллансалар нур устига аъло нур бўларди.

Вақтлар ўтади. Сизлар мустақилликнинг дастлабки 20, 30 йиллиги фарзандлари сифатида келгуси авлодларимизга касбингиз сирларини ўргатишингизга тўғри келади. Ана шунда улуғ Навоийнинг “Ҳунарни асрабон неткумдир охир, Олиб туфроққами кетгумдир охир” хикматига амал қилиб, хар бирингизни ўнлаб шогирдларга мураббийлик қилишингизни Яратгандан сўраб қоламиз.

Маъруфжон Абдусамиев
Косонсой туман бош имом-хатиби
манба: www.bukhari.uz сайти 04.03.2017й

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1743

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1692

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1482

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1624

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad