Барчамизга маълум ва равшандирки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол авлод булиб етишишини ният қилади.
Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат саналиши билан бирга, у ота-онага топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Уни ақлан ва жисмонан соғлом ҳолда парвариш қилиш, одоб ахлоқ ва мусулмончиликка доир бошланғич маълумотларни ўргатиб бориш ҳар бир ота-онанинг вазифаларига киради. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, кимлар билан ўртоқлашмоқда, қайси кўчада юрибди, нималарга қизиқиши пайдо бўлмоқда деб қизиқмасак, бунинг оқибати яхши булмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарга мурожаат қилиб:
«Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизниёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...» дейди.
Дўзахдан сақланиш учун эса, дўзахга тушадиган ишлардан узоқ бўлиш, жаннатга дохил қиладиган солиҳ амаллар билан шуғулланиш даркор булади. Бу ояти карима билан Ҳақ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки, бизга омонат берилган фарзандларимизининг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмокда.
Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб, бепарво юрадиган болаларга тўғри йул кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтириб боришлари айни муддаодир. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин мусулмонлар, имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари керак. Лекин ояти карима ва ҳадиси шарифларда илм-маърифат билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг қадри исломда йуқдек нотўғри эътиқодга эга бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам бир илмдир. Уларни бир-биридан ажратиш жоиз эмас. Масалан, Одам алайҳиссаломга фаришталарни таъзим саждасини бажо келтиришларига нима сабаб бўлган? У зот фаришталардан қайси хислатлари билан афзаллик қилдилар? Ҳа, биз ҳозир дунёвий илм деб атайдиган илмлар билан Одам ато малоикалардан устунлик қилдилар. Мавжудот ва махлуқотларнинг номларини бирма-бир айтиб берганлари туфайли таъзимга сазовор бўлдилар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш маълум бўлади:
Бурҳониддин Марғиноний ҳазратларини оладиган бўлсак, ўзларининг «Ал-ҳидоя» китобларида ҳар бир фиқҳий масалага оят, хадис билан бирга ақлий далил, яъни мантиқ, математика, биология, табобат каби фанлардан ҳам ўз жойида мисоллар келтириб ўтадилар.
Яна шуни қайд этиб ўтиш лозимки, ўтган барча пайғамбарлар, шу жумладан, бизнинг жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки, дунёвий ишларга, турмуш тарзи, тирикчилик, тижоратдан тортиб деҳқончиликкача, уй-рўзғор ишидан тортиб, спорт ишларигача тегишли кўрсатмаларни бериб кетганлар.
Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор экан. Мактаб ёки коллежда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътиборни жалб қилишга, бошқа ишларга, беҳуда ўйинларга вақтини бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, унга амал қилишимиз лозимлиги маълум бўлди.
Аллоҳ таолодан барчаларимизни ҳидоят йулида барқарор қилиб, залолат йулларидан ўз паноҳида асрашини, фарзандларимизни солиҳ зурриётларимиздан қилиб, элимиз, юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан қилишини сўраб, даргоҳига илтижо қилиб қоламиз.
2-давра 10-босқич тингловчисиҒаниев Тохиржон
Наманган тумани "Мирғоиб эшон" жомеъ масжиди имом хатибиwww.bukhari.uz 24.02.2017й