МУДОМ АРДОҒИМИЗДА

{$article.title|escape:html}
512

“Жаннат оналар оёғи остидадир”. Бу сўзлар бизга нотаниш эмас. Шундай бўлса-да, такрор этиш бизга малол келмайди. Онани рози қилиш, унинг дуосини олиш орқали жаннатга кириш бахтига мушарраф бўлиш мумкин экан. Қани эди, буни ҳар бир инсон, ҳар бир фарзанд қалбан англай олса!

         Аллоҳ таоло аёлни нозик ва латофатли қилиб яратди. Шу билан бирга унга метин ирода ҳам бахш этди. Шунга кўра, аёл она сифатида тунларини бедор ўтказиб, бешик тебратади. Фарзандини оқ ювиб, оқ тарайди. Сабр-қаноат туфайли аёл фан сирларини ўрганиб, бир оиланинг етук вакиласи, жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга интиляпти. Бу албатта, қувонарли. Мустақил мамлакатимизда аёл шаъни, қадри ва манфаатлари улуғ саналиб, энг аввало, хотин-қизларимизга миллат тарбиячиси сифатида қарамоқда. Қизларимизни билимли, касб-ҳунарли, маънавиятли, гўзал хулқ-атворли бўлишлари йўлида эътиборга молик саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

         Дарҳақиқат, аёлга ҳурмат кўрсатиш, уни эҳтиётлаш унинг биринчи вазифасидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аёлларингиз билан яхши яшанг”, деб эркакларга буйруқ берган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини аёлларга яхши муносабатда бўлишга чақириб: “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир”,деганлар.

         Афсуски, ҳаётни кузатар эканмиз, онда-сонда бўлса-да, кўзимиз турмушнинг бир ташвишларини аёлнинг зиммасига юклаб қўйган, эркак бўлатуриб қорин тўйдириш илинжида аёлнинг қўлига қараб турадиган умр йўлдошлар ҳам учраб туради. Мен негадир уларни “эркак” деб атай олмадим. Чунки, бундай ҳолат эркакка умуман ярашмайди. Эркак дегани ориятли, ғурурли, камгап, камсуқум, меҳнаткаш ва мард бўлади. У ҳеч қачон аёлини машаққат тортишига йўл қўймайди.

         Яхшиямки, юртимизда ана шундай мардлар бош бўлган оилалар сони кунсайин кўпаймоқда. Шу сабабдан аёлларимиз фарзанд тарбияси баробарида жамиятда ўз ўрнини топиб, қизларимиз истеъдоди ила юксак чўққиларни эгаллашмоқда. Тарбияли, иболи, билимга чанқоқ қизларимизни кўрганда, уларнинг ота-онаси, соғлом муҳит барқарор бўлган оиласига ҳавасимиз келади. Жумладан бизнинг Норин туманимиз аҳли аёллари азалдан илмга, зиёга талпинган. Саришталиги, меҳнаткашлиги билан шуҳрат топган. Мен кўпинча хонадонларда бўлганимда, бир ҳолатдан кўнглим тоғдай кўтарилади. Ҳовли саҳни чиннидай тоза, томорқасида экинлар яшнаб турган, ток таги ва кўча бўйидаги гуллар барқ уриб ўсиб турган, қишнинг кунида ҳам бир икки қулоч келадиган мўъжазгина иссиқхона ташкил қилиб, рўзғоридан сабзовоту кўкатларни аритмайдиган ҳовлиларга ҳавасим келади. Бу хонадонларнинг бекаларига чин дилдан раҳматлар айтгим келади. Ўз уйи бекаси бўлсада,  қўлидаги гулдай ҳунари билан, бир йилда такрор-такрор хосил йиғиб, уддабуронлиги билан маҳаллада обрў топган аёлларимиз таҳсинга сазовор.

         Аёл кўнгилларни кўнгилларга боғловчи ришта. У ака-укалар, қайноға-қайинсингиллар, қариндош-уруғлар, қуда-андалар меҳр уруғини ундиришга қодир. Шундай бўлса-да аёлнинг кўнгли жуда нозик. Агар у сингил бўлса, акасидан, опа бўлса, укасидан меҳр кутади. Опа-сингилларга оқибат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш муқаддас динимизда ҳам улуғ саналадики: “Сингилдан хабар олиш учун пишиб турган буғдойзорни босиб ўтиш мумкин” деган сўзлар ҳеч бир ака-уканинг шуурини тарк этмаслиги керак.

         Шу ўринда айтиб ўтиш ўринли, истеъдодли санъаткор Жалолиддин “Сингилларни йўқлаб туринг кўнгил учун” деган қўшиғини ҳар гал тинглаганимда, бир қадар хушёр тортаман, беихтиёр кўзларимга ёш келади. Опа ва сингилларнинг ака-укага нечоғли омонат экани, унинг ҳолидан хабар олмоқлик нақадар улуғ иш эканига такрор-такрор ишонч хосил қилиб, бошқаларга бу фикримни таъкидлашдан чарчамайман.

         Она жонидан парча узиб, яна бир жонни дунёга келтиради. Она меҳрини қиёсини шу пайтгача ҳеч ким топмаган. Улғайиб, одамлар қаторига қўшилган фарзанд асло кўзларига йўл тикиб турган онаизорини унутмаслиги керак. Она фарзандининг қўлига эмас, йўлига кўз тикади. Дилбандининг соғ-омонлигини кўриши билан таскин топади. Уни дуолари билан сийлайди. Бу дуолар олтинданда бебаҳо.

         Бир сўз билан айтганда, аёл оила чироғи. Бир чироқ доим нур таратмоғи учун унга меҳр кўрсатиш даркор. Шундагина ҳаётимиз файзли кечади, оилалар тотув ва мустаҳкам бўлади. Барча хотин қизларимизни баҳорий айём билан қутлайман. Оналаримиз, опа-сингилларимиз, қизларимиз бахтимизга доимо соғ бўлсинлар!

 

Камолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

Норин тумани бош имоми ва “Ҳаққулобод”

жоме масжиди имом-хатиби

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1743

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1692

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1482

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1624

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad