Никоҳнинг одоблари

{$article.title|escape:html}
415

Ислом динида никоҳ – Аллоҳнинг амри, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонлар гувоҳлигида боғланадиган муқаддас битимдир. Қуръони каримда оиланинг муқаддаслиги ва илоҳий бошқарув остидагилиги тўғрисида Ҳақ таоло "Рум" сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади:

 “Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда никоҳлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”

Шунингдек, никоҳ Пайғамбаримиз ва барча пайғамбар (а.с.)ларнинг суннатидир.

Никоҳдан ўтиш маросими бизнинг диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга оширилиб келинган. Шаръий никоҳдан ўтиш учун Ислом динимизда келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир неча шарт ва одоблар бор. Унда шариатимиз кўрсатмасига асосан асосий харажат маҳр ҳисобланади. Маҳрни куёв беради. У бўлажак келиннинг мулки бўлиб, уни на отасининг ва на куёвнинг олишга ҳаққи йўқ. Маҳрнинг миқдори қатъий эмас, ҳар қайси юртда, одатда ўша келинга ўхшаш дугоналарига қанча маҳр берилса, бунга ҳам шу миқдорда берилади, дейилган.

Ҳанафий мазҳабимизда никоҳ пайтида маҳр тўғрисида ҳеч нарса айтилмаса ҳам “маҳр мисл” – яъни ўша жойда одатда қанча маҳр берилаётган бўлса, куёвнинг зиммасига ўз-ўзидан ўша миқдордаги маҳр бериш шарт бўлаверади. Кўриниб турибдики, куёв оила қуришга, маҳр беришга тайёр бўлиш учун маблағ топа оладиган даражада касб-ҳунарли, илм ва билимли оилани боқишга қодир бўлиши керак.

Никоҳ тўйи икки ёшнинг никоҳини эълон қилиб, исрофгарчиликка йўл қўймасдан халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилишдир. Тўйга келганлар келин-куёвга Аллоҳдан хайру-барака ва бахтли хаёт кечиришини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган суннатларидандир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда аввал қиздан, сўнгра йигитдан розиликларини сўраш ва жавобни гувоҳлар эшитишлари никоҳнинг асосларидан қилиб белгиланган. Гувоҳларсиз ноқонуний яширинча ўқилган никоҳ дуруст ҳисобланмайди.

Биз мусулмонлар шу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз чиқарган қонунларга ҳам қатъий амал қилишимиз зарур.

Ҳозирги кунда баъзи ҳолларда ўзбошимчалик билан юқорида айтилган шартларни сўраб-суриштирмай ёшларга ноқонуний никоҳ ўқилиши натижасида ёш оилалар ажрашиб, ўртада гудаклар етим, она эса бир умрга бахтсиз бўлиб қолмоқда.

Никоҳ, оила масаласида доимо мана шундай воқеалар содир бўлиб турганлиги сабабли, ўғил-қизларимизни ота-оналари ўз фарзандларини ёши жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига қаноат ҳосил қилиб, сўнгра расмий имом домлалар иштирокида никоҳлатиб олишлари шарт. Бу ўринда ҳукумат қонунида белгиланган балоғат ёшини эътиборга олиш ўринлидир. Коллеж талаба қизларини ҳали ўқишларини битирмай туриб эрта турмушга узатиш ҳам фойдали эмас.

Никоҳ ўқилиши ва тўй бўлиши учун ФҲДЁ гувоҳномаси бўлишлиги муҳим шартлардан бири деб ҳисоблаш лозим.

 
2-давра 10-босқич тингловчиси
 Тураев Авазбек
Норин тумани "Қурбон ота" жомеъ масжиди имом хатиби
www.bukhari.uz 24.02.2017й

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1202

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1154

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1019

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1154

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad