Она – оламни мунаввар айлаган зот

{$article.title|escape:html}
532

Биз аёл деганда, аввало, онани тушунамиз. Ёш қизларимиз ва сингилларимиз ҳам эртами-кеч она бўлишади. “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деган ҳадисни тўғри талқин қилишда адашмайлик.

Бу ҳадис ўғил ёки қиз бўлсин, онасини рози қилмаган одам жаннатга кирмайди, деган маънони англатади. Мана бу ҳадис эса бу ҳикматни тўлдиради: “Аввало, онангга, яна онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил”.

Она ана шундай улуғ зот. Агар уни рози қилмасак ва қадрламасак, инсон, деган номга хиёнат қилиб, Тангрининг қаҳрига йўлиқамиз. Боланинг соғлом бўлиши, аввало, онага боғлиқ. Биргина, қалб қўрининг ўзи боланинг соғлом ўсиши учун қулай муҳит яратади. Шунинг учун биз эркаклар болаларимиз соғлом ўссин десак, аввало, аёлларга ғамхўрлик кўрсатайлик, уларнинг оғирини енгил қилайлик, оилада қулай муҳит яратайлик, эр-хотин муносабатларида фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган кўнгилхираликларга йўл қўймайлик.

Юртбошимизнинг сўзидан келиб чиқиб, гап бутун жамиятимизнинг бурчи ҳақида борар экан, соғлом она ва соғлом бола билан боғлиқ улуғвор вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳокимият идоралари, маҳалла, хотин-қизлар, ёшлар вакиллари, шифокорлар, тарбиячилар, зиёлилар, кенг жамоатчилик, бутун халқимиз фаоллик кўрсатиб, муносиб равишда иштирок этади, деб ишонамиз. Биз ёши улуғ зиёлилар бу борада зиммамизга тушадиган масъулиятни ҳис этиб турибмиз. Ҳаётимизни янада обод ва кўркам қилишда, фарзандларимизни соғлом ва баркамол ўстиришда, аёл зотининг, аввало, оналарнинг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини тарғиб этишда, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ибратли ишларидан тарбиявий мақсадларда фойдаланишда, турмуш тарзимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни ёшлар онгига сингдиришда, уларни “мутлақ эркинлик”, “ҳар ким ўзи учун яшаши керак”, “оммавий маданият” ниқобидаги турли ахлоқсизлик ҳамда худбинлик хуружларидан сақлашда барчамиз фаоллик кўрсатмасак бўлмайди. Бугунги давр шуни тақозо этмоқда.

Маҳалламизда ажойиб бир инсон яшайди. Ўзи яхши олим, лекин ўта камтарин. Ёши олтмишдан ошган. Бир куни ташқаридан келсам, эшик олдида истараси иссиқ бир момо билан ўтирибди. “Қўшни танишинг, онам бўладилар, ёшлари саксон учдан ошган бўлсалар ҳам кўриб турибсиз ҳали тетиклар, илоё умрлари узоқ бўлсин, шу пайтгача бошқа ўғиллариникида эди, энди мен билан турмоқчилар”, деди маҳалладошим. “Жуда яхши-да, илоё аямнинг ёшига етиб юрайлик”, дедим мен.

Кўпинча бўш вақт топиб, эшик олдидаги ўриндиқда ая билан суҳбатлашиб ўтираман. Кузатдим, негадир юраги сиқилиб уҳ тортаверади. Унинг айтолмаётган дарди борлигини сездим. Бир куни ўзи ёрилиб қолди. Воқеа бундай бўлган экан. Ая бир неча йилдан буён, яъни чоли оламдан ўтганидан бери ўзининг номидаги ҳовлида кенжа ўғли, келини ва неваралари билан бирга яшар экан. Бир куни кенжа ўғил онага: “Ойи, жуда қариб қолдингиз, уйни энди менинг номимга ўтказмасак бўлмайди, сизга бир нарса бўлса, акаларим билан талашиб-тортишиб, судлашиб юраманми, мана шу ҳужжатларга қўл қўйиб берақолинг”, дебди. Шунда она: “Қўл қўйдиришга бироз шошма, мен ўлсам барибир шу уй сенга қолади, буни акаларинг ҳам билади”, дебди. Бундан тутоқиб кетган кенжа ўғил онани уйдан ҳайдабди. Она паноҳ излаб, катта ўғилникига келибди. “Шу ростми?”, деб сўрадим маҳалладошимдан. “Рост”, деди у. Кимдир устимдан совуқ сув қуйгандай бўлди. Этим жимирлаб кетди. Ё тавба, бу қандай қабиҳлик, бу қандай хиёнат?! Фарзанд учун муқаддас бўлган онага нисбатан-а!.. “Аяжон, шундай бўлган тақдирда ҳам уни қарғаманг, агар қарғиш тегса, болангизнинг аҳволини кўриб барибир чидай олмайсиз. Тангри ундайларнинг жазосини берсин!”, дедим. “Йўқ, ҳеч қачон она қарғамайди, ўғлим бир куни бош эгиб келар, деб ўтирибман”, дейди шўрлик момо. Абдураҳмон Жомий бундай кўрнамак фарзандларни инсоф-диёнатга чорлаб шундай дейди:

Онангдан бош товлама, ошмасин

дарди,

Шараф тожи эрур оёғин гарди.

* * *

Ғазалкент билан Чирчиқнинг ўртасида Товоқсой, деган қишлоқ бор. Ўша ерда менинг бир танишим яшайди. Унинг отасини ҳам яхши танирдим. Камтарин, жайдари, ўта содда инсон эди. Бир неча йил олдин вафот этди. Танишим онаси билан муроса қилолмай, оиласи билан алоҳида чиқиб кетди. Фарзандлик бурчини адо этиш учун онасига нафақа тўлаб тураркан. Мен буни қабул қилолмадим. Фарзандлик бурчи фақат моддий ёрдам кўрсатишдангина иборат эмас. Урса ҳам, сўкса ҳам, турткиласа ҳам барибир онанинг қалбига йўл топа билиш керак. Онадан хафа бўлишнинг ўзи ўринсиз. Чунки гўдаклик чоғингизда унинг бағрига босиб берган оқ сутини оқлаш учун умрбод меҳрибонлик ва меҳр-оқибат кўрсатсангиз ҳам оз. Агар ўтган улуғларимизнинг ҳикматларини ўқисангиз ёки бугунги донишманд қарияларимизнинг насиҳатларини эшитсангиз, онанинг муқаддаслигини тобора кўпроқ ҳис эта бошлайсиз. Носир Хисрав қайсар ва бебош фарзандларга қарата шундай, дейди:

Ёшлик, телбаликни чиқар

бошингдан,

Онанг хизматида бўлғил

ёшингдан.

Айтгандай, танишим ўтган йили оиласи билан яна онаси бағрига қайтди. Афтидан, неваралар момосиз, эр-хотин онасиз яшай олишмади.

Бир ҳақиқатни асло унутмайлик. Фарзанд ҳар қандай масалада, аввало, онаси билан дардлашгани, маслаҳатлашгани маъқул. Чунки онанинг кўнглида ғубор, қалбида доғ, ниятида нохолислик бўлмайди. У ўз фарзандига фақат яхшиликни, эзгуликни раво кўради.

Азиз юртдошлар, бу йил соғлом бола тарбиялашни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйиб, бунда аёл зотининг, ўз фарзандлари учун муқаддас ҳисобланган оналарнинг жамиятимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш учун астойдил бел боғлаган эканмиз, уларни қадрлаш ва оғир ишлардан халос этиш, турли ташвишлару, ҳаёт синовларида уларга мададкор бўлиш асносида турмушимизни янада фаровон этишда биз эркаклар зиммасига жуда катта масъулият юкланади. Бу масъулият турли-туман тадбирлар ўтказиб, аёллар шаънига ҳа, деб ҳамду санолар айтиш билан чегараланиб қолмасдан, амалдаги хатти-ҳаракатларимизда намоён бўлиши керак. Яъни, уларга ғамхўрликни ва меҳрибонликни амалда кўрсатишимиз зарур. Агар оиланинг бутун ташвишларини аёллар зиммасига юкласак, ҳатто қоп кўтартириб ёки аравача торттириб қўйсак, аёлнинг топганини еб туриб, унга зулм қилсак, турли тамғалар босиб уни камситсак, бола тарбиясини бутунлай аёлга юклаб қўйсак, умуман, аёлнинг ҳаётдаги оғир аҳволини кўриб виждонимиз қийналмаса, демак, биз эркаклар ўз зиммамиздаги масъулиятга хиёнат қилган бўламиз. Ҳаётда нафақат ўз оналаримизга, балки болаларимизнинг онасига ҳам раҳм-шафқат ва меҳр-оқибат кўрсатайлик.

2-давра 10-босқич тингловчиси
Фозилов Абдуғофур
Чортоқ тумани бош имом хатиби
манба: bukhari.uz сайти 26.02.2017й

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1508

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1468

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1268

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1421

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad