Ўзбек аёли – миллат мезони

{$article.title|escape:html}
1333

Ўзбек аёли ҳақида мақола ёзиш осон эмас албатта, «Аёл, айниқса, унинг маънавий олами ҳақида гапирмаган мутафаккир, куйламаган шоир йўқ. Айниқса Ўзбек аёлининг маънавияти ҳақида ёзиш нақадар қийинлиги қоғоз билан юзма-юз қолганда яққол билинади. Чунки энг зўр ва таъсирли гаплар айтиб қўйилган. Ўтмишдаги фақат ўз оиласи эмас, балки бутун бошли салтанатлар тақдирини ўзгартириб юборган буюк аёллар ҳақида ҳам қайта-қайта ёзилган.

Отаси ўқиганни бири ўқийди, онаси ўқиганни бари... Ҳар қандай миллат даражасини шу миллат аёлининг даражаси белгилайди. Чунки халқ аёлидан баланд бўлолмайди. Негаки, халқ аёлнинг маҳсулидир. Ўзбекдаги: «Алпни ҳам, олимни ҳам она туғади», деган ҳикмат бежиз эмас. Аёлнинг ўзи-ку ҳар қаерда ҳам табиатнинг бир сирли хилқати. Лекин ўзбек аёли бутунлай сирлар пардаси тагида. У дунёдаги кўпгина халқларнинг аёлидан тамомила фарқ қилади.

Ўзбек аёли ҳар қандай муҳит ва шароитда яшаб кета олади. Шу боис ҳам буткул нотаниш хонадонга келин бўлиб тушган қиз бир неча ойнинг ичида ўша оилага сингишиб, бирини «ота», бирини «она» қилиб олади, бир умр шу уйда яшагандай бу уйдагиларни ўзиники қилиб олади. Ўзбек аёли сиртдан қараганда нозиккина, аммо сирли қудратга эга ўзбек аёли маънавияти жуда мураккаб ва серқирра. Ўзбек аёли қонунда белгилаб қўйилган тенгликни даъво қилиб ўтирмайди, ўзига алоҳида эътибор кутмайди. Лекин эридан ҳеч нарсани талаб қилмаган ҳолда ҳамма соҳада унга ўз таъсирини ўтказа олади. Шу боис ҳам ўзбек оиласида деярли ҳамиша аёлнинг айтгани бўлади.

Баъзи европалик фаоллар томонидан келинларнинг бирор жойга куёвларидан рухсат сўраб боришлари инсон ҳуқуқларининг топталиши тарзида талқин этилиб, оилада ҳеч ким ҳеч кимга бўйсунмаслиги кераклигини тарғиб этилиши миллий қадриятларни билмаслик, уни оёқ ости қилиб, миллийликни йўқотишга уриниш, ўзбек оиласи мустаҳкамлигига зарар етказишдан бошқа нарса эмас. Момоларимиз бир умр боболаримизни ширин тили, лабдаги табассуми, кўздаги ёши ёрдамида бошқариб келишган. Уларда ўзбек оиласидаги дипломатиянинг нозик ва сирли жиҳатлари яққол намоён бўлган. Бугун ҳам тинч, бир-бирини аяб яшаётган оилаларнинг аёллари ўзларини эрларига тенг санамайдилар, балки айнан эрларнинг «етакчи»лиги, «бошлиқлиги»га урғу бериб, ўзларига билдирмай, уларни зимдан бошқаришни уддалайдилар. Ўзбек қизи ҳамиша ўзини фотиҳа ўқилган, аталган одами олдида масъул сезади. Бугунги аёлларимиз ҳам кўнгилларида ана шу гўзал туйғулар бўлишига эришишса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбек аёли имкон қадар холис оҳангда сўзлашишга интилгани маъқул. Негаки, қўполлик, тўпорилик хунук кўрингани сингари ортиқча «назокат», «ширинлик» ҳам хушомад каби тушунилиши мумкин. Азалдан ўзбек қизининг фақат тили ва кўзи «гапирган». Кейинги вақтда бир ёқимсиз одат оммалашиб бораётганини кўриш мумкин. У ҳам бўлса, қизларимизнинг худди чет эл киноларидаги каби оғзи, қўли, кўзи, қоши, бутун вужуди билан гапира бошлашганидир. Айрим қўшиқчи қизларнинг оғзини томоғига қадар йириб куйлаши ҳам ўзбекча гапириш йўсинига бутунлай ёт. Бизда оғизнинг кичиклиги қиз гўзаллигининг юксак тимсоли саналган. Шоирларимиз камгап маъшуқаларининг оғзи қаерда эканини билолмай ёниб-куйишган. Қиз боланинг оғзини катта очиб, бутун аъзоларни ўйнатиб сўзлаши гапининг қийматини пасайтиради. Ўзбек аёли азалдан пастроқ товушда сўзлашга уринган. Чунки баланд товуш қарғаники каби ёқимсиз, паст овоз булбулники сингари ҳузурбахш бўлади. Ўзбек аёли миллат тилининг жозибадорлигини сақлашга ҳам масъулдир. Зотан, одамнинг табиий равишда беихтиёр чиқадиган тили «она тили» деб аталади. Ўз тилининг тоза, таъсирчан бўлишига биринчи навбатда она жавобгардир. Сўзга нописандлик, бепарволик кийимга, хатти-ҳаракатга бепарволикдан кўра зарарлироқдир. Чунки кийинишдаги, хатти-ҳаракатлардаги ўхшовсизлик шу одамнинг ўзигагина зиён етказса, сўзлашдаги хунуклик болаларга кўчиб ўтиши мумкинлиги эҳтимоли борлиги билан зарарлидир. Онанинг билиб, ўринли ва чиройли гапира олиши, кам сўз билан кўп маъно ифодалай билиши ўз-ўзидан болаларига ўтади. Аждодларимиз балки ясан-тусан борасида илғор бўлмагандирлар, лекин топиб, ўрнида сўзлаш бобида сухандон бўлганлари аниқ. Ва бугун ҳам бизнинг қонимизда ўринли сўзга чанқоқлик, унга интилиш сезилиб туради. Ўзбек аёлларининг ана шу нозикликларга эътибор бериши бугунги миллий ҳаётимизнинг мазмунлироқ ва гўзалроқ бўлишига хизмат қилади. Ўзбек аёлининг маънавий қиёфасида унинг кийиниш маданияти ҳам ҳал қилувчи ўрин тутади. Чунки дунёнинг ўзга халқлари учун кийиниш шунчаки ташқи кўринишни зийнатлаш воситаси бўлса, ўзбек учун кийим ахлоқий қиёфани кўрсатиш ва ички оламни намоён этиш омилидир. Шунинг учун ҳам азал-азалдан ўзбек халқи, айниқса, унинг аёллари пардалироқ кийинишга, вужуднинг диққат тортадиган ўринларини кўздан пана қилишга эътибор беришган. Биз ўзбек миллатига мансубмиз. Бинобарин, бизнинг кийиниш бобида ҳам ўз удумларимиз борки, уларга амал қилмаслик миллатнинг ахлоқий ўлчамлари бузилишига олиб келади.

Бугун азбаройи бошқаларга ўхшаш учун вужуднинг энг яширин, кўзга ташланмайдиган сирли жойларини ҳам кўз-кўз қиладиган тор шим кийган, эгнига баданининг учдан биринида яшириш-га қодир бўлмаган «кўйлак» илган қизнинг маънавий олами ҳақида жиддий хавотирланишга ҳар бир ўзбек ҳақлигина эмас, балки бурчи ҳамдир. Бошқа миллат вакиллари учун шунчаки имиж бўлган кийиниш биз учун ахлоқий удум экан, нега ёшларимизнинг ўзгалар йўлидан кетишига томошабин бўлиб турибмиз? Ахир биз минглаб йиллардан буён ўзимизнинг маънавий-ахлоқий ўлчовларимиз билан яшаб келаётган халқмиз, Ўзбекистон Республикасининг биринчи призиденти Ислом Каримов таъбири билан айтганда: “Биз ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва ҳеч қачон кам бўлмаймиз”.

Ҳамиша дунё аёллари Ўзбек аёлига ҳавас қилиб яшаши керак. Дунёнинг кўплаб миллатлари учун қизларнинг бокиралиги ҳеч қандай ахлоқий маъно касб этмайдиган табиий ҳолат. Лекин ўзбек учун бу йигирма биринчи асрда ҳам ҳаёт-мамот аҳамиятига эга ахлоқий муаммодир. Ўзбек учун либос табиий-эстетик заруриятгина эмас, балки ахлоқий-маънавий одоб ҳамдир. Ҳар тонг эшик олдини супураётган келинларнинг кўпчилигига бир эътибор қилинг: уларнинг бир қўллари супургида бўлса, бир қўллари ҳамиша ёқасида. Келинлардаги ўзбекча ҳаё ёмон назар тушмаслиги учун биров бор-йўғидан қатъий назар иффатларини бекитишга ундайди. Бу ҳол уларнинг жозибасини оширади.

Миллатни асосан аёл тарбиялайди, шу боис миллат маънавиятининг қарор топишида аёл маънавиятининг қандайлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Болалардаги неки бор, яхши-ёмон жиҳатлар меъмори муҳтарама аёлдир. Чунки ўзбекда ота ғарб ўлкаларидаги каби болалари билан дўст тутинмайди. Мунтазам равишда вақт ажратиб, фарзандлар билан шуғуллана олмайди. Ўзбекда оиласидаги демократизм, аъзоларнинг тенглиги тушунчаси ҳам ўзгача тамойиллар асосида шаклланган бўлади. Дунёнинг барча аёллари сингари ўзбек аёли ҳам табиатан тарбиячидир. Серфарзанд ўзбек аёли ўзининг кўпсонли болаларини оиласидаги катта ёшли бошқа кишилар кўмагида ўзи тарбиялайди. Ўзбек оталари тарбия жараёнида бевосита деярли иштирок этмайдилар. Лекин аёлларимизнинг усталиги туфайли оталар деярли ҳамиша тарбия жараёнининг марказида бўлишади. Отанинг шаксиз улуғ обрўсидан усталик билан фойдаланиб, болаларида шундай эзгу маънавий сифатларни қарор топдиришга эришаётганлиги ўзини ҳамиша панага оладиган ўзбек аёлининг буюк тарбиячи эканидан далолатдир.

Хуллас, ўзбек аёлининг маънавияти миллатнинг нафақат ўтмиши ва бугуни, балки келажагининг ҳам асосий ўлчови бўлади.

2-давра 9-босқич тингловчиси
Абдусамиев Маруфжон 
Косонсой тумани бош имом хатиби
манба: www.bukhari.uz сайти 26.01.2017й 
 

Add comm

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1980

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1917

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1712

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1835

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad