Тинчлик ва осойишталик гарови

{$article.title|escape:html}
238

Инсоният яралибдики, тинч, бахтли, саодатли яшашга интилади. Лекин бу интилиш очкўзлик, ҳасад, ҳудбинлик каби иллатлар туфайли баъзиларга орзулигича қолиб келмоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда сўнги олти минг йил ичида ер юзида 5700 марта уруш бўлган.  Бу тўқнашувларнинг асосий сабаби ҳудуд талашиш, бойлик орттириш учун бўлса, яна аксарининг сабаби диний келишмовчиликлардир. Ана шундай можароларнинг олдини олиш учун эса инсоният диний бағрикенглик ғояси остида бирлашиши зарур.

     Диний бағрикенглик  деб, хилма-хил дин эгаларининг бир-бирининг эътиқодини ўзаро ҳурмат қилиб, тушуниб, ягона заминда олижаноб ғоялар ва орзулар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшашга айтилади.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантbришнинг беш устувор йўналишларидан бири “Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш”дир.  Бу тамойил асосида қилиниши кўзда тутилаётган ишлар, ўйлаймизки, давлатимиз тинчлиги йўлида улкан фойда бўлади.

Яна алоҳида таъкидлаш керакки, БМТнинг 72-сессиясида президентимиз “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган резолюция қабул қилиш тўғрисидаги таклифлари барча давлат раҳбарларини муросали бўлишга, тинчлик йўлида бирлашишга чорлади. Бу таклиф дунёдаги барча инсонларнинг ўзаро ҳурматини қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоялаш, уларни камситилишига йўл қўймасликка қаратилган йирик бир ташаббус бўлди.

Барчамизга маълумки, динлараро бағрикенглик муқаддас Ислом динимизнинг инсонпарварлик ғояларидандир. Зеро,  Ислом дини - тинчлик ва омонлик динидир. Ислом сўзининг маъноларидан бири ҳам -тинчликдир. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири эса  -  “Ас-Салом”,  яъни, бандаларига тинчлик улашувчидир.

Демак, Ислом дини инсоннинг аввало ўзи, қолаверса оиласи, маҳалласи, юрти, ва ниҳоят бутун ер  юзининг тинч бўлиши тарафдори экан.  Ер юзида тинчликни барқарорлаштириш учун эса динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва  давлатлараро муроса муҳимдир. Чунки энг тез авж олувчи можаро бу – диний ва этник можародир.

Бир-бирига раҳм-шавқат кўрсатиш, мусулмон ёки номусулмонлигидан қатъий назар барчага баробар эзгулик тарафдори бўлиш, имконияти чекланганларни асраб-авайлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш, бузғунчиликка олиб келадиган ҳар қандай ишдан аввало ўзи қайтиб, бировларни ҳам қайтариш нафақат мусeлмонлар балки бутун инсониятнинг бурчидир. Одамлар  ичида бузғунчилик, иғво, фитна ва ношукрлик ҳолатларини келтирувчиларни Аллоҳ таоло севмайди.

Айни пайтда, бузғунчи ғояларни тарқатувчи, давлатларни бир-бирига қайровчи, миллатлар орасида келишмовчиликларни  келтириб чиқарувчи, бундан эса ўз манфаатлари йўлида фойдаланувчи  кимсалар талайгина. Ана шундай кишиларнинг ноғорасига ўйнаётганларни эса “Душман сўзига кириб, дўстдан кечганлар”, - десак тўғри бўлади.

Шундай экан ҳар бир киши инсонларнинг, давлат ва миллатларнинг орасига ғийбат, тухмат каби воситалар орқали низо солиши эмас, балки, ўзаро келишмовчиликда бўлганларнинг ораларини ислоҳ қилиши зарур.

Дунёдаги барча динлар эзгуликка ундайди. Бировга озор бермасликка, ёмон ишлардан тийилишга, нафс кўйига тушиб адашмасликка чақиради. Диний бағрикенглик ғояси ҳам барча динларга хос. Ана шу умумий тамойилларни англаган ҳолда динлар ва миллатлар орасида ҳамкорлик ўрнатиш, ва шу орқали бутун инсониятнинг орзуси бўлган  адолат тантанасига эришиш мумкин.

XV аср бошларида Амир Темур саройида бўлган Кастилия элчисининг гувоҳлик беришича, Амир Темур Самарқандда  турли дин вакилларини йиғади, уларга илтифот кўрсатади ҳамда христиан динига эътиқод қилувчи меҳмонларнинг турли эҳтиёжларини бажариш учун алоҳида масъул шахс тайинлайди. Улар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашни буюради.

Бу каби адолатли, бағрикенг, инсонпарвар шахслар ҳар бир миллатда, ҳар бир дин вакиллари орасида топилади, албатта. Бундай шахсларни дунё ёшларига таништириш дунё ёшларни диний бағрикенглик ғояси асосида тарбиялашда катта фойда беради.

Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессия фаолият юритмоқда. Турли дин вакиллари қўни-қўшничилик алоқаларини қандай олиб бориши кераклиги ҳақида ҳам динимизда кўрсатмалар бисёр.        

Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Унинг уйларида бир қўй сўйилди. У хизматчи йигитга: “Яхудий қўшнимизга ҳам (гўштдан) ҳадя килдингми?”, деб ҳадеб сўрайверди. Шунда баъзилар: “У қўшнингиз бир яхудий бўлса, нега ҳадеб ҳадя қилдингми деб сўрайверасиз?” – дейишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Амр Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшнилар ҳақида қилган насиҳатларини айтиб бердилар” (Имом Бухорий  ривояти).

 Бундан кўринадики, ўзаро ҳадя алмашинувлар ҳам турли дин вакиллари орасида ўзаро меҳр уйғонишига сабаб бўлади.  

Илм – ҳар қандай жахолатга қарши самарали қурол. Хусусан, тинчлик, хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида ҳам. Шундай экан, аниқ фанлар, табиий фанлар, ижтимоий фанлар билан бир қаторида диний фанларга ҳам эътиборни кучайтириш, ёшларнинг диний тасаввурларини кенгайтириш ва эзгулик ғояларини уларнинг қалбига сингдириш Имом Бухорий бобомиз айтганларидек, инсониятни нажот сари етказади. Яна қўшимча қилиш мумкинки, дунё ёшлари орасида дўстона мулоқотни шакллантириш ҳам миллат ва халқлар орасидаги ҳамжиҳатликни шакллантирадиган муҳим омилдир.  

     Тинчликни сақлаш учун ҳарбий салоҳият албатта зарур. Лекин қурол ишлатиш ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келмайди. Ёзувчи Ўткир Ҳошимов айтганидек: “Уруш билан беш кунда битадиган муаммо тинч йўл билан беш йилда битса, иккинчи йўлни танлаш керак”. Яъни тинчлик йўлини. Чунки муроса кўплаб хунрезликларни, беҳуда қон тўкилишларнинг олдини олади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Дунёнинг қайсидир нуқтасида  бир жиноят содир этилса, мухбирлар уни ёритиш учун дархол ишга киришадилар ва тез орада “фалон динга эътиқод қилувчи, фалон миллатга мансуб шахс мана бундай жиноят содир этди”, деган хабар бутун дунёга тарқалади.  Ва бу хабарни ўқиган инсонларда ўша дин вакилларига нисбатан, қўрқув, нафрат, шубха ва шунга ўхшаш салбий фикрлар пайдо булади. Ваҳолангки, бу ўша дин вакилларининг, ўша миллат аъзоларининг барчаси жиноятчи дегани эмас. Шунинг учун ҳам халқаро жиноятчиларнинг миллати ва диний эътиқодини оммавий ахборот воситалари орқали тарқалиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Бунинг учун керак бўлса халқаро қонунлар ишлаб чиқиш даркор.  Бу билан инсонлар орасида ўзга дин вакилларига нисбатан нафрат, гина, адоват каби туйғулар авж олишига тўсқинлик қилган бўламиз.

Хулоса қилиш мумкинки, Ислом дини покиза, ҳалол, тинч-ҳотиржам ҳаёт демакдир, ҳотиржам ҳаёт эса бағрикенгликдадир. Агар оилада бағрикенглик бўлса,  маҳаллада бағрикенглик шаклланса, дунёда бағрикенглик қарор топса, халқлар ўртасида тотувлик ва инсониятнинг азалий орзуси бўлган тинчлик-ҳотиржамлик бардавом бўлади.

 

Муҳаммадсодиқ АБДУОЛИМОВ

Наманган шаҳар “Ҳидоя”

ўрта махсус Ислом билим юрти 1-босқич талабаси

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1202

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

1154

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

1019

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

1154

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad