Юксак фазилатлар

{$article.title|escape:html}
36

Ғайрат – саъй-ҳаракат, иштиёқ, жўшқинлик; иш-ҳаркатга бўлган кучли интилиш, берилиш ҳисси ва яна бирор ишга астойдил киришиш, бирор ишни иштиёқ билан бажариш ҳисси  маъноларида ишлатилади. (1) Ғайратли деса, бирор ишга бор куч-қуввати билан ҳаракат қиладиган, шижоатли киши тушунилади. Динимизда ғайрат, шижоат сингари сифатлар қадрланади ва унга тарғиб қилинади.  Хусусан, буюк Имом ал-Бухорий ҳазратлари ҳам бу сифатлар билан сифатланганлар ва шу мавзуга доир бир неча ҳадисларни ривоят қилганлар. Шулардан, у зот ва Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда жаноби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки, “Албатта Аллоҳ таоло бандалари ичида ғайратлисини яхши кўради”.  Яъни кимки ҳар бир ишда, ҳоҳ у диний бўлсин, ҳоҳ дунёвий бўлсин ғайрат, шижоат қиладиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг Ўзи уни ёрлақайди ва у мақсадига етишади. Чунки саъй-ҳаракат бандадан уни баракасини бериб, зиёда қилиш Аллоҳдандир. 

Анушервони Одил ўзининг вазири Бузуржмеҳрдан сўради: Ғайрат, шижоат нима? Бузуржмеҳр унга: “Юракнинг қуввати”, деб жавоб берди. Анушервон яна ундан: “Нега қўлнинг қуввати эмас?”  деб сўради.  Бузуржмеҳр: “Агар юракда қувват бўлмаса, қўлда ҳам қувват бўлмайди. Қўл қуввати юрак қувватига боғлиқ”. деб жавоб берди.

Дарҳақиқат, инсон юракдан бирор ишга ғайрат ва шижоат билан қўл урар экан, албатта, у нафақат кўзлаган мақсадига, балки унданда юксакроққа, олийликка етади. Бу борада Муҳаммад Жавҳар Заминдор шундай дейди, “Мақсадни қўлга киритишда ғайрат иш беради. Ҳар кимда ғайрат бўлмаса, унда ўзгаларга ибрат бўла олиш қобилияти бўлмайди”. (2)

Ҳақиқатан, кўплаб ана шундай ғайрат ва шижоат эгалари бизларга доимо ибрат  бўлиб келган. Хусусан, буюк фақиҳлардан Имом Абу Юсуф ҳазратлари бунга намунадир. У зотга устози Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ айтадики, “Сенинг зеҳнинг паст эди,  сенинг доимийлигинг, ғайратинг ва шижоатинг бундан халос этди”.

Ҳамият ҳам ғайрат сингари инсоннинг юксак фазилатларидандир. Ҳамият ор-номусини, қадр-қимматини пок сақлаш туйғуси; орият ҳисобланади. (3)Халқимизда ҳамиятли сифати ўз ғурури, ор-номуси, ўз оиласи ва юрти учун курашадиган, уни осойишта, пок сақлашга ҳаракат қиладиган, виждонли инсонлар учун ишлатилади. Ҳамиятли инсон ўз қадр-қиммати, оиласи ва юрти шаъни учун қайғуради. Ор-номуси, ғурури топталишига йўл қўймайди. Ҳамият соҳиблари доимо инсонлар орасида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади. Бу ҳақда улуғ ҳакимларимиз ва шоирларимиз ўзларининг асарларида тўхталганлар.

Ҳамият соҳиблари иззатда бўлгай, доимо хуррам.

Ҳамиятсиз бўлса ҳар ким, куни қолгай надоматга!

Бархурдор ибн Маҳмуд.

Албатта, динимизда ҳам ҳамиятсизлик, ориятсизлик ва беҳаёлик қаттиқ қораланади. Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ривоят қилган ҳадисларда ушбу сифатни қоралаган. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган ҳадисларининг бирида айтиладики, “Қиёмат кунидаги одамларнинг энг ёмони –беҳаёлиги, ҳамиятсизлиги сабабли назардан четда қолдирилган одамдир”.

Ҳадисдан кўриниб турибдики, қайси бир кишини уяти, ҳамияти ва ҳаёси бўлмаса у нафақат Аллоҳнинг, балки бошқа инсонларнинг ҳам назаридан четда қолади, инсонлар ундан юз ўгиради.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, буюк бобакалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ғайрат ва ҳамият каби улуғ фазилатлар билан сифатланганлар. Айниқса, у зотнинг ҳадис жамлашдаги ғайрат ва шижоатлари таҳсинга сазовордир. У зот тўғрисида  кўп уламоларимиз мақтовларни изҳор қилишган. Улуғ алломалардан Ал-Муборакфурий айтадики, “Имом ал-Бухорий машаққатларга чидамли, ишда тиришқоқ бўлиб, ўз қўлидан келадиган юмушни бировга юклашни хушламас экан”. (4)

Дарҳақиқат, бобокалонимиз Имом Бухорий асарларидаги, қолаверса, у зотнинг сиймосидаги ғайрат, шижоат, ҳамият, ҳаё сингари сифатлар биз авлодларга ибрат ва намуна ҳисобланади.

 

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

(1)Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.

(2)  Машриқзамин – ҳикмат бўстони. Ҳ.Ҳомидий. “Шарқ” нашриёти. Тошкент 2008.

(3)Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Тошкент 2008.

(4)Имом ал-Бухорий барокати. Усмонхон Алимов. “Мовароуннаҳр”. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. Тошкент 2007.

Мавзуга оид

img

Муқаддас ой саодати

1005

Истиқлолимизнинг шарофати туфайли эл-юртимиз узра ҳуррият ва файзу баракот таралди. 

img

Рамазон – саховат ва меҳр – оқибат ойи

974

Бу ёруғ оламга ойларнинг султони хайри-баракотли меҳр-мурувват, саховат, сабр-қаноат, жисмоний ва маънавий покланиш ойи Муборак Рамазон ташриф буюрди.

img

Закот – молиявий ибодат

845

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим

img

ҲАЙИТ ХУРСАНДЧИЛИК КУНИДИР

982

Рамазон ва Қурбон ҳайитини халқимиз хурсандчилик ва шодиёналар билан кутиб олади. Айём баҳона яқинлар, қариндошлар, ошна-оғайнилар дийдорлашишади. Ҳар бир оилада байрамни хурсандчилик билан кутиш, ширинликлар пишириш, ўша пишириқлардан қўни-қўшниларга улашиш каби одатларимиз байрамга яна ҳам жило беради. 

Tags: asdasdsad