Қурбон ҳайитини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказайлик!

Барчаларимиз ҳозир ҳоли ҳаётимизда синовли кунларни бошимиздан кечиряпмиз. У ҳам бўлса, бутун дунё аҳолисини хавф-хатарга солиб турган коронавирус пандемияси.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти эълон қилиниб, бу йилги  Қурбон ҳайити байрами қандай ҳолда адо этилиши  маълум қилинди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Қурбон ҳайити намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлишлиги айтилди. Юртимизда истиқоматдаги фуқароларимизга  ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин қурбонликка аталган жонлиқларни сўйишлари тавсия этилди.

Муборак арафа ва ийд кунларида ўтганларимизни эслаб, яқинларимизни дуо қилиш, бутун дунёдан тезроқ бу касалликларни даф бўлишини ва осойишталигимизни бардавом бўлишини сўраб, жамоат намозларига тезроқ  қайтиб масжидларимиз очилишини сўраб дуои-хайр этайлик. Бу улуғ кунларда уйларимизда, тинчлик-хотиржамликда, осуда ҳаётда ўтириб, дуо ва ибодатларимизни оиламиз даврасида ўтказайлик.

Ҳаёт учун хавфли бўлган каронавирус пандемияси даврида барчаларимиз Республика махсус комиссияси томонидан тавсия этилган кўрсатма ва қоидаларга амал қилган холда, Уламолар Кенгаши Баёнотидаги фатво ва тавсияларга амал қилиб, қабристон зиёрати ва бошқа оммавий бажариладиган ишлардан ўзимизни тийиб, ўз-ўзини яккалаш тизимига амал қилиб турсак, иншааллоҳ бу касалликни тезда бартараф бўлишига эришган бўлар эдик.

Албатта бу синовли кунлар тез кунларда ортда қолади, иншааллоҳ. Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамларда, халқимизни ва жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан Ўзи сақлашини сўраб дуолар қилайлик.

Барчаларимизга Қурбон ҳайити байрами муборак бўлсин, адо этаётган қурбонликларимизни Аллоҳ қабул қилсин!

 

Авазбек ТЎРАЕВ,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме масжиди имом-хатиби