ҚАБР АЗОБИ САБАБЛАРИНИ УНУТМАНГ

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва:

“Албатта, икковлари азобланмоқдалар. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Ҳа! Улардан бири пешобасидан покланмас эди. Бошқаси бўлса чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра бир хурмонинг ҳўл шохини обкелтириб, иккига бўлиб, ҳар бир қабрга биттадан санчиб қўйдилар-да:

“Шоядки, иккови қуригунча у иккисидан (азоб) енгиллашиб турса”, дедилар

(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

  Ҳазрати Мусо алаҳиссаломнинг қавми қахатчиликка учраганди.  

   Мусо алайҳиссалом Аллоҳга ёлвориб ёмғир ёғдиришини сўраб дуо килди. Лекин ёмғир ёғмади.

   Аллоҳ ваҳий йўли билан Мусо алайҳиссаломга  «Сизларнинг қавмингиз ичида тухмачи- ғийбатчилар кўп. Улар бир- бирлари тўғрисида гап тарқатишни бас қилмас эканлар дуоларингиз ижобат килинмагай! деб билдирди.  

   Мусо алайҳиссалом - Эй Роббим, қавмимда гап тарқатиш билан машғул бўлганлар ким? Менга билдир, уни орамиздан чиқарайлик! деб сўради.  

   Аллоҳ Таоло: - Мен сизларга чақимчиликни ман этаман. У кишиларни номларини айтиб, энди мен ўзим чақимчилик қилайми? деб буюрди.

   Шунда Мусо алайҳиссаломнинг қавми йиғилиб, тавба килдилар. Тавбалари кабул этилди ва Аллоҳнинг раҳматига такрор сазовор бўлдилар.

   Аллоҳ Таолонинг ўзи бандасини бандасига чақимчилик қилишдан ҳаё қилмокда экан, зеро бизлар Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум қиладиган ва дуоларимиз ижобат бўлмаслигига сабаб бўлувчи ёмон иллатлар «Чақимчилик ва гап ташишлик» дан  сақланмоғимиз даркор.

   Ўзига чақимчи деган ёмон номни оттириб олган киши астойдил Аллоҳга тавба қилиши ва бу феълни тарк этмоғи керак.

 

Ибодулло Яндашев,
Чуст туманидаги "Тоймас" жоме масжиди имом хатиби