ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИНИНГ ТАРҒИБОТИ

Ҳозирги кунда ҳам аввалгидек мазҳабларга тушуниб-тушунмасдан таъна тошларини отиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.

Тарихга назар соладиган бўлсак ҳам мусулмон уммати ҳар хил фитналарни бошдан ўтказди. Турли ихтилофлар буларнинг бари мусулмонларни шавкатини, бирлигини заифлаштиришга сабаб бўлади. Қаердаки олимларга эргашиш, муаммони ўз аҳлидан сўраш ва унга итоат қилиш бўлса, ўша ерда тинчлик хотиржамлик ҳукм суради. Динимиздаги фиқҳий мазҳабларнинг асл моҳиятига етишиш учун ҳам аҳли илмларимизга мурожаат қилишимиз лозим.

Аввал фикҳ сўзини маъносига эътибор қилайлик. Фиқҳ сўзи луғатда нозик, дақиқ, фаҳм, ўта синчковлик билан эътибор остига, мазмун-моҳиятига етишадиган маънога айтилади.

Динимиз аҳкомларини белгилашда албатта, манбалардан четга чиқмаган ҳолда ҳукм ва фатволар берилган. Ўша манбалар ҳаммамизга маълум. Барча фиқҳий мазҳабларимиз бирдек иттифоқ қилиб манба сифатида тан олинган. Манбалардан четга чиқмаган ҳолда ижтиҳод қилишган. Имомларимизни ижтиҳодлари асосан фуруъ масалаларда бўлиб оят ва ҳадислардаги аниқ равшан келган ҳукмларнинг миқдори мутлақ бўлган ҳолларда уларни даражаларини белгилашда масалан фарз, вожиб, суннат ваҳоказаларни белгилаш кўпроқ сезилган. Ҳеч қачон очиқ оят ёки ҳадисда келган ҳукм туриб ижтиҳод қилинмаган.

Мазҳаб моҳиятига тушуниш учун динимиздаги кўпгина ишларга эътибор берайлик. Масалан жамоат намози бир имомга эргашиб шу имом нима ҳатти-ҳаракат қилса шунга мутобаат (эргашиш) қилиб бажариш. Ваҳоланки, ҳар ким Аллоҳга ўзи ибодат қилса, лекин ундай қилинмади, жамоат намозига тарғиб қилинди. Ўзларини ичларидан энг олими ва энг яхшисига эргашиб биргаликда адо қилинган намозда баъзи хато-нуқсонлар бўлса авф қилиниши ва унга баланд даражалар берилиши ваъда қилинди. Намоз амалларнинг энг афзали, Аллоҳга яқинлаштирувчи ибодат. Унда энг тақволи (парҳезкор), энг илмли имомга эргашишликка буюрилмоқда.

Бошқа амаллардаги умматнинг яхшисига, тақволисига, дин ишларимизда олимига эргашишга Аллоҳнинг ўзи буюрмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Наҳл сураси 43-оятида шундай марҳамат этди: “Агар билмайдиган бўлсаларингиз зикр аҳлидан сўранг”.

Ҳар замонда ҳам ҳамма олим бўлмаган. Пайғамбаримиз замонларида у зотдан ҳатто ўзлари араб бўлсаларда Қуръон оятларини мазмунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган. Саҳобалар даврида факиҳ саҳобалардан сўрашар эди. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини ижтиҳодларида кўпроқ саҳобаларнинг фақиҳларига суянганлар.

 

Азимхон АБДУЛЛАЕВ,
Косонсой тумани “Исломхон” жоме масжиди имом-хатиби