ҲАНАФИЙЛИК – МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ...

Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бизнинг диёримиздаги мусулмонлар Ҳанафий мазҳабига амал қиладилар.
         Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан Ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган. Шу жумладан бизнинг минтақамиз мусулмонлари ҳам Ҳанафий мазҳабига амал қилиб келадилар.

Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари бу қадар ривож топиб, кенг ҳудудга ёйилишида юртимиздан чиққан алломалардан Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин Марғилоний, Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий каби алломаларнинг ўрни беқиёсдир.

Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. Бу зотнинг илмлари, тақволари, ибодатлари, саховатлари ва ҳоказо сифатлари барчага маълум ва машҳур бўлиб, бу ҳақда кўплаб мақола ва китоблар ёзилгандир. Қуйидаги ҳадисдаги башорат Имоми Аъзам р.ҳ.га тегишли эканлиги ҳақида уламолар иттифоқ қилганлар.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Агар дин Сурайёда бўлганида уни форс ўғлони олиб тушар эди”. Шундай экан биз у зотнинг шахсиятларига тўхталмасдан асосан, у зотнинг мазҳаблари ҳақида сўз юритмоқчимиз.

“Мазҳаб” сўзи юрадиган йўл деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, бир олим ёки илмий мактабнинг тартибга солинган услуб ва фикрларининг мажмуасига мазҳаб дейилади. Дунё мусулмонларининг ярмидан кўпроғи айнан Ҳанафий мазҳабига амал қилишларининг сабаби ундаги мўътадиллик ва енгилликдир. Имоми Аъзам раҳмутуллоҳи алайҳ шаръий далиллардан масалалар чиқаришда фақат ўзлари ёлғиз бўлмаганлар, балки маълум бир мартабаларга етган бир нечта шогирдларининг маслаҳат ва машваратлари билан чиқарилган. Абу Ҳанифа раҳмутуллоҳи алайҳ маълум бир мақомга чиққан шогирдлари ҳақида шундай деганлар: “Улар ўттиз олти киши бўлиб, йигирма саккизтаси қозиликка ярайди, олтитаси фатво беришга салоҳияти етарли ва иккитаси яъни, Абу Юсуф ва Зуфар эса қози ва муфтийларни тарбиялай оладиган даражада эди”.

Давоми бор,

Анваржон МИРЗАЕВ
Мингбулоқ тумани бош имом-хатиби