"ҲАНАФИЙЛИК" – МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБ (давоми)

давоми

Мазҳабимизга тегишли китоблар икки услубда ёзилган бўлиб, биринчиси, ўқувчига енгил ва тушунарли бўлиши учун далилларсиз масалаларнинг ўзи ёзилган. Иккинчиси эса, ҳар бир масала ўз далили билан бирга ёзилган. Қандай услубда ёзилмасин мазҳабимиздаги ҳар бир масалани шаръий далили бор. Бунга мисол тариқасида Мулла Али Қорининг “Мухтасарул виқоя” китобига ёзган икки жилдли “Шарҳи ниқоя” номли асарларини, шунингдек, Покистонлик Зафар Аҳмад Усмонийнинг йигирма бир жилдли “Эълоус сунан” номли асарларини келтириш мумкин.

Имоми Аъзам раҳмутуллоҳи алайҳ ибодатга доир кўплаб масалаларда динимизнинг руҳига монанд енгиллик йўлини тутганлар. Қуйида шуларга айрим мисоллар келтириб ўтамиз:

Мазҳабимизда таҳорат қилишда ният фарз қилинмади. Агар ният фарз дейилганда, ният қилиш эсидан чиқиб қолган кишининг таҳорати дуруст бўлмас эди;

Мазҳабимизда имомга иқтидо қилган кишининг қироат қилиши фарз эмас, балки имом қироат қилса иқтидо қилувчилар ҳам қироат қилган ҳисобланади. Агар иқтидо қилгувчиларга ҳам қироат қилиш фарз дейилганида, одамлар бир-бирларига, жумладан имомга ҳалақит бериб, намозида чалғиб кетган бўлар эди;

Мазҳабимизда руку, рукудан қайтганда ва сажда ҳолатларида бир нафас тин олиб туриш фарз эмас, балки вожибдир. Агар фарз дейилганида, намозда шошилиб, тин олмаган кишининг ўқиган намози дуруст бўлмас эди.

 

Анваржон МИРЗАЕВ,
Мингбулоқ тумани бош имом-хатиби