БИР ЯХШИЛИККА ЎН АЖР

Саҳоват ва сийлаи-раҳм каби улуғ фазилатлар доимо инсонларга зийнат бўлиб келган. Бундай олийжаноб хислатларни ўзида мужассам эта олган инсонгина эл-юртнинг оғирини енгил қила оладиган фазилатли шахс ҳисобланади. Эҳсоннинг яхшиси бу қийинчилик вақтда қилинганидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўн баробар қайтарилур. . .” (Анъом сураси, 160-оят)

Мусулмонларнинг қиладиган яхшиликлари эвазига қилган ёмонликлари ёпилиб кетади. Энг аввало яхшиликни, яхшилик қилган инсонга эмас, балки яхшилик қилмаган инсонга нисбатан амалга оширилса, фазилатли ишни амалга оширган бўлади.

Агар яхшилик қилган инсонга яхшилик қилинса, бу-вафодорлик, Агар яхшилик қилмаган кишига яхшилик қилинса, бу-саҳоватдир. Агар ёмонлик қилган кишига яхшилик қилинса бу-айни мусулмончиликдир!

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадиларки: “Мусулмон мусулмон кишининг биродаридир, унга зулм ҳам қилмайди ва биродарини душманига топшириб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожатида бўлса, Аллоҳ унинг ҳам ҳожатида бўлади. Кимки мусулмондан ғам ташвишни кетказса, Аллоҳ таоло қиёмат ғам ташвишларидан уни халос этади. Кимки мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини беркитади”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Мусулмон киши ўзимнинг ташвишим етарли, дея ёнидаги биродарининг ташвишини  ёдидан чиқармаслик керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари ва умматларининг ташвишларини ўз ҳолига ташлаб қўйганлари йўқ, балки уларнинг ташвишларини ҳам ўзларининг ташвишлари деб билганлар.

Қолаверса, шароитим йўқ, мен бой эмасман ёки мен эҳсон қила олмайман, дея ўзига тасалли бераётган кишилар юқоридаги оят ва ҳадиси шарифлардан хулоса чиқаришса бўлади.

Демак, моддий имкониятга эга бўлган киши садақа қилиш, муҳтожларга ёрдам беришдан сира қўрқмаслиги, балки хайру эҳсон билан улкан савобларни қўлга киритишга ошиқмоғи зарур.

 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби