ДЕҲҚОНЧЧИЛИК – УЛУҒ КАСБ

Аллоҳ таоло бизга ерни макон қилди ва турли хил неьматлар ато этди. Бунинг учун Унинг Ўзига ҳамду санолар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисда у зот шундай деганлари келтирилган: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, эккан киши учун садақа бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам аёлни ҳам ўз ичига олади. Яьни эркак кишими ёки аёлми бирор кўчат экса, ундан одамлар ёки бошқа жониворлар истеъмол қилса, ўша кўчат эккан кишига савоб етади.

Ҳадисдаги “ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса” деган калималар ҳақида Муҳаллаб шундай дейди: “Бу ҳадис жониворларга берилган нарса учун ҳам савоб борлигига далолат қилади”.

Ҳадисда ерни обод қилишга тарғиб этилиб, ўзи ёки бошқалар учун экин экканга ажр ваьда қилинган. Эккан киши бундан садақани ният қилмаган бўлса ҳам унга садақа савоби бўлаверади.

Кўчат ёки экиндан чиққан мева, улардан олинган уруғлар ва кўчатлар яна қайтадан экилса ва бу қанча такрорланса ҳам савоби қиёматгача давом этаверади.

Баъзи вақтда экинга ўғри тушиш ёки уни пайҳон қилиш каби ноҳуш ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Албатта, бу хафа бўлишга арзигулик ҳодиса. Тер тўкиб қилинган меҳнат самараси қандайдир ноинсоф томонидан пучга чиқиши ачинарли ҳолат. Лекин кишининг боғи ёки экинидан ўғирланган нарса учун, ҳайвонлар пайҳон қилгани учун ҳам унга савоб бор эканлигини ҳам унитмаслик лозим. Зеро, Жобир (р.а.)дан нақл қилинган ривоятда шундай башорат келган:

“Қайси мусулмон бирор ниҳол экса, ундан ейилгани унинг учун садақа бўлади, ундан ўғирлангани унинг учун садақа бўлади, ундан ҳайвонлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан қушлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан биров юлиб олгани унинг учун садақа бўлади” (Абд ибн Ҳумайд). Чунки унинг боғи ёки экинидан бирор нарса ўғирланиши унинг учун мусибатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон унга етган ҳар бир мусибат учун, ҳатто боғичининг узилишига ҳам ажр олади”, (Имом Аҳмад ривояти).

Чунки унинг боғи ёки экинидан бирор нарса ўғирланиши унинг учун мусибатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Мусулмон унга етган ҳар бир мусибат учун ҳатто боғичининг узилишига ҳам ажр олади” (Имом Аҳмад ривояти) дея мусулмон киши ўзига етган мусибатдан ҳам ажр олишини хабар берганлар. Ниҳол эккан кишига вафотидан кейн ҳам савоб бориб туради. Ҳатто боғи сотилиб, бошқа кишиники бўлиб кетса ҳам савоби етиб туради.

Қуртибий айтади: “Кўчат ёки экин экаётган киши “Экувчи, Ўстирувчи, Ундирувчи Аллоҳ, Ё Аллоҳ, Пайғамбаримизга саловат йулла, бизга ризқ бер. Экинимизни ундир. Биздан унинг зарарини йироқ қил. Бизни неьматларинга шукур қилувчилардан, берганларингни ёдда тутувчилардан қил. Ё оламлар Роббиси, бизга бў экиндан барака бер” дейишни унутмаслиги лозим. Шунда Аллоҳнинг Ўзи барака ато этади.

Анас розияллоҳу анҳудандан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Савоб ишнинг ҳеч кечи йўқ. Модомики, имкон, фурсат бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга шошилайлик, азизларим.

 

Носирхон ХАМИДОВ,
Поп тумани Ғойибёронлар жоме масжиди имом хатиби