ЭКСТРЕМИЗМ - ИСЛОМГА ЁТ ҒОЯ..

Аллоҳ таъоло ўзининг каломи шарифида айтадики: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг» (Моида сураси, 2-оят).

 Аллоҳ таоло  мазкур оятда ёмонлик ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилишдан қайтармоқда. «Ёмонлик» деганда қилиниши ҳалол бўлмаган нарсаларни тушунамиз. Бу барча разолатларни ўз ичига олади. Душманчилик эса ошкора золимликдир. Ҳар бир шахсга ёки жамиятга зарар етказувчи нарса ёмонлик ва душманчиликдир.

Аввало бу мавзуда сўз очар эканмиз,  "Экстремизм" сўзини луғавий маъноларини билиб олайлик "Экстремизм" сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, "Кескин фикр ва чораларни ёқлаш, кескин чораларга тарафдорлик" маъносини англатади. Олимлар "экстрамизм" иборасини сиёсий атама деб қоралайдилар.

Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг мақсади кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига ўтиш концепсиясидир.  Бунинг учун халқни бир мақсад йўлида, эзгуликлар сари сафарбар этиш, инсонлардаги лоқайдлик ва бепарволикка барҳам бериш лозим бўлади. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, бундай иллатга қарши кураш алоҳида аҳамият касб эта бошлади.

Президентимиз ҳам доимо фуқароларимизни огоҳликка ва эътиборли бўлишга чақиради. Бу шунинг учун керакки, лоқайдликнинг маъно мазмуни на муқаддас динимиз моҳиятига, на бошқа тараққиёт қонунларига тўғри келади. Уни яна дангасалик, танбаллик, боқимандалик, бепарволик каби салбий иллатлар билан боғлаш мумкин. Булар жамиятни тубанлаштирадиган омиллардандир. Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир.    Бу иллатнинг жамият учун қанчалик зарарли эканини инобатга олиб Уламоларимизнинг қуйидаги фикрларини келтирамиз:

Шайх Саъдий айтади: “Магар сен ўзгаларнинг қайғусиға лоқайдлик ила қарасанг, сен инсон деган номға нолойиқсен”.

Баҳоуддин Нақшбанд эса адашаётган кишиларга тўғри йўлни кўрсатишга чорлайди: Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ, Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Хулоса шуки, янги даврда янги жамият қураётган эканмиз, нотўғри ақида ва ғоялардан, зарарли иллатлардан воз кечишимиз биз учун сув ва ҳаводек зарур. Абдулла Авлоний айтганидек, “Маърифат соҳиби бўлмак учун,  аҳволи оламдан хабардор бўлмак керак”.

 

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори"  жоме
масжиди имом хатиби