ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ...

Экстремизм лотинча «еkstrеmus» сўзидан олинган бўлиб, «кескин фикр ва чораларни ёқлаш» деган маънони англатади. «Экстремизм» деганда, одатда, ўта сўл, радикал қарашларга эга, ўз ғояси ёки фикрини бошқаларга зўрлаб сингдиришга интиладиган кишиларнинг маслаги тушунилади.

Экстремизм кескин чораларни қўллашга, баъзан зўравонлик ҳаракатларини содир этишга мойиллиги билан ажралиб туради. Бунда муайян шахс ҳам, бошқа динга мансуб ижтимоий гуруҳ ёки шу диннинг ўз вакиллари томонидан рад этилаётган мазҳабга мансуб вакиллар ҳам таъсир кўрсатиш объекти сифатида танлаб олиниши мумкин.

Экстремизм, сиёсийлашган диний ташкилотлар фаолиятининг мақсади жуда хатарли бўлиб, улар қуйидагиларда намоён бўлади: 

- муайян мамлакат ва минтақада ижтимоий-сиёсий кескинлик ва беқарорликни келтириб чиқариш; 

- кишиларни диннинг асл моҳиятидан чалғитиб, улар онгида динни кескин ва мутаассибликка хос ҳаракатлардан иборат қилиб шакллантириш; 

- халқда давлат органларига норозилик уйғотиш ва бу йўлда жамиятда турли жангарилик ҳаракатларини амалга ошириш; 

- жамиятда кечаётган тинч ислоҳотчилик ҳаракатларига тўсқинлик қилиш; 

- пировард натижада афкор оммада муайян динга нисбатан нафрат ва салбий муносабатни юзага келтиришга интилиш.

Дунёнинг айрим ерларида, хусусан, Яқин Шарқ давлатлари ҳамда Афғонистонда рўй бераётган қўпорувчилик экстремистик ташкилотлар томонидан террорчилик ҳаракатлари, ўзини-ўзи портлатиш орқали нафақат ўзининг жонига, балки бошқа бегуноҳ одамларнинг ҳам умрига зомин бўлмоқда. Бу ҳолат азиз ва мукаррам бўлган инсоният ҳаётига тажовуз қилиш улкан гуноҳ эканлигини қуйидаги ояти карима равшан баён қилади. Аллоҳ таоло айтади:  "...Аллоҳ таъқиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз!..." (Анъом сураси, 151). Аллоҳ таоло бу ояти каримада бегуноҳ инсонларнинг қонини ноҳақ тўкиш катта гуноҳ эканлигини таъкидлаб бундай қабиҳ иш инсониятга қилинган тажовуз деб таъкидлайди.

Юртимизга ғаламислик қилишга ҳаракат қилувчи, гўёки диндорларга тазйиқ қилинмоқда деган туҳмат тарқатаётган кимсаларнинг тегирмонига сув қўйиб қўймаслигимиз ҳам лозим. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек: “Ҳақиқий мусулмон бу – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.

Шундай экан, юртимизда ҳукм сураётган тинч ва осуда ҳаётни асраш, унинг мустақиллиги ва барқарорлигига муносиб ҳиссамизни қўшиш - ҳар биримизнинг, шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқароларнинг энг асосий вазифаларидан бўлиб қолмоғи лозим.

 

Қодирхон АЗИЗОВ,
ЎМИ Косонсой тумани бош имом-хатиби