ЭЪТИБОР ҚИЛАЙЛИК... (лайлатул қадр кечаси)

Ҳурматли ҳамюртлар!

Бугун биз барча синовлар ичида энг нозик синовни бошимиздан кечиряпмиз. У ҳам бўлса, танамизга ҳалокат олиб келиши мумкин бўлган, инсон ҳаётини таҳликага солувчи коронавирус пандемияси хуружидир.

Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Республикамизда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилиши баробарида зийраклик ва эҳтиётлик билан, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишимиз зарур.

Ушбу синовли кунларда жиддий ташвиш туғдираётган хавфлардан бири – айрим фуқароларда кузатилаётгани бепарволик бўлса, иккинчи томондан эса ўзбилармонлик, жорий карантин қоидаларига риоя қилмаслик бўлиб чиқмоқда.

Охирги кунларда изоляцияга олинган фуқароларни касалликка чалиниш ҳолатлари асосан аёллар ўртасидаги ифторлик тадбирларида иштирок этиш орқали бўлгани кузатилмоқда. Ҳозирда ушбу ифторлик тадбирларида иштирок этган фуқаролар билан алоқада бўлган икки юздан зиёда фуқаролар ёпиқ карантинга ётқизилди. 

Асри саодатдан бошлаб, Ислом шариати ҳукмларининг мақсади асосан мўмин-мусулмонларни жони, дини, насли, моли ва ақлини сақлашга қаратилган. Жумҳур уламолар бунга иттифоқ қилганлар. Шунга кўра ислом динининг фатвовси “Айни пайтда саломатликка ва келажакда тинч-тотувликка сабаб бўладиган нарсага амал қилиш – шариат ва ақл нуқтаи назаридан вожиб ҳисобланади”, деб баён этилган.

Келинг азизлар! Рамазони шарифнинг саноқли кунлари қолди. У кунларда уйларимизда, тинчлик-хотиржамликда, осуда ҳаётда ўтириб, дуо ва ибодатларимиз оиламиз даврасида ўтсин.

Лайлатул қадр кечалари аждодларимизни хотирлаш, шириндан-шакар болаларимизни дуо қилиш, оиламизнинг мустаҳкамлигини сўраш оила аъзоларимиз билан биргаликда бўлсин. 

Кимлар биландир жамланиш, йиғинларни ташкил қилсак, уларни ичидаги беморни биз билмаймиз. Ўз-ўзидан жонимизни, динимизни, молу ақлларимизни ҳалокат хавфига қўямиз. Бу шариат нуқтаи назаридан мутлақо ҳаром. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг”, деб ҳалокатдан қайтаряпти.

Бунинг учун ҳар бир оила раҳбари бўлмиш падари бузрукворлар оилаларида қаттиқ тизим ўрнатишларини илтимос қиламиз. “Беморнинг қайталаниши, касаллигидан қаттиқ”, дейди, доно халқимиз.

Бугунги кунда чекинган касалликни чекиниши рост бўлсин. Бу касалликка қайтиб қўшилмасин. Аҳолимиз ақлли, доно ўзини асрашга албатта, ҳаракат қилади деб, умид қиламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
 
Матбуот хизмати