ИНСОНПАРВРЛИК ВА САХОВАТ ОЙИ

Инсон ҳаётининг бир маромда ўтиши турмуш тарзининг гўзал ва обод бўлиши омилларидан яна бири қаноат ва шукрдир. Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда  “Агар берган неъматларимга шукр қилсангиз, уларни зиёда қилурман”  деб марҳамат қилган.

Шукрнинг уч кўриниши мавжуд. Биринчиси – қалб шукридир. Бунда берган неъматни ички туйғу билан чин кўнгилдан хис этиб шукр қилишга айтилади. Иккинчиси- тил шукри. Бунда неъмат берувчига таҳсин айтиш, ҳамд айтиш ва шукрона келтириш демакдир. Учинчиси – тана аъзоларининг шукри. Бунда эзгулик ва хайрли амалларни бажариш. Аллоҳга хуш келувчи ишларни қилишга шошилиш,  етим  ва ногиронлар ҳолидан хабар олиб, эҳтиёжмандларга ёрдам кўрсатишдир, қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш, хусусан халқ  фаровонлиги йулида манфаат кўрсатишдир.

Ривоят қилинишича: Абу Даҳдаҳ розийаллоҳу анҳу сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, Аллоҳ таоло биздан қарз сўраяптими?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ”, дедилар. “Қўлингизни беринг, Эй Аллоҳнинг Расули”, деди у киши. У зоти бобаракот қўлларини бердилар. Абу Даҳдаҳ: “Мен Раббимга боғимни қарз бердим”, дедилар. У кишининг боғларида 600 туп хурмо дарахти бор эди. Кейин келиб хотинларини чақириб: “Ҳой Умму Даҳдаҳ, чиқ, боғдан чиқ, мен уни Раббимга қарз бердим”, дедилар. Хотинлари ҳам: “Хўш”, деб болаларини олиб чиқдилар.

Йўлда у кишини кетаётганиии кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким жаннатдаги энг катта боғ эгасини кўрмоқчи бўлса, Абу Даҳдаҳга қарасин”, дедилар. Аллоҳ таоло нафақат охиратда, балки шу дунёнинг ўзида Абу Даҳдаҳга яна кўркам боғни насиб этди.

 “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”

Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оят нозил бўлганда: “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз”.

Абу Талҳа Мадинада ансорийларнинг энг моли кўп, бой киши эдилар. У кишининг бойликлари ичида энг яхши кўрган нарсалари “Байруҳо” номли қудуқ эди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари олдида эди. У қудуқнинг суви жуда ҳам ширин бўлганлиги учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар ўтганларида ундан ичардилар. Абу Талҳа розийаллоҳу анҳу бу оят нозил бўлганини эшитиб, дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига югурдилар.

“Аллоҳ таоло Ўз китобида: “Яхши кўрган нарсаларингиздан хайру эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз” демоқда, менинг учун молларимнинг энг маҳбуби “Байруҳо”дир. У Аллоҳ учун садақа бўлсин. Аллоҳ таоло ҳузурида унинг яхшилигини ва савоб заҳирасини умид қиламан. Ё Расулаллоҳ, уни нима хоҳласангиз, шундай қилинг” дедилар.

“Жуда яхши. Бу фойда келтирувчи молдир! Бу фойда келтирувчи молдир! Унинг ҳақида айтган нарсангни эшитдим. Менимча, унинг фойдасини қариндошларингга эҳсон қил”, дедилар.

Муҳтарам азизлар! Бугунги рамазон ойи кунларида амал қилиб қолайлик, яхшиликлар мезонини кўпайтирайлик, машғул бўлиб турганимизда фойда беради.

 

Баҳодир БОТИРОВ,
Чуст тумани “Охун бобо” жоме масжиди имом-хатиби