НЕЪМАТЛАРГА ШУКРОНАЛИК, УЛАНИНГ ҚАДРИГА ЕТМАСЛИКНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, барпо этилган кўркам уй-жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт масканлари, замонавий корхоналар, кенг ва равон йўллар, боғу хиёбонлар шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб, аҳоли фаровонлиги, онги ва тафаккурининг юксалишига хизмат қилмоқда. Шунингдек, ўтган давр мобайнида ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди.

Мустақиллик бизга мустабид тузум даврида топталган ижтимоий, маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берди. Диний ва миллий қадриятларимиз қайтадан равнақ топа бошлади. Натижада халқимиз ўзлигини таниб турмушнинг барча жабҳаларида миллийликка қайтмоқда.

Халқимиз барча соҳада эмин-еркин саъй-ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлгани каби динимиз кўрсатмаларини хотиржам адо этиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Минглаб масжидлар очилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилди, ўнлаб диний таълим муассасалари барпо қилиниб, у ерда ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил олмоқдалар. Азиз авлиё, улуғ аллома ва фозил инсонларнинг мақбаралари ва кўплаб зиёротгоҳлар таъмирланди. Ҳар йили ҳукуматимизнинг кўмаги билан минглаб ватандошларимиз муборак Ҳаж ва Умра зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси, албатта, Аллоҳнинг инояти ва шунингдек истиқлолимизнинг шарофатидандир.

Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Ўтган йиллар давомида Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ, ислом тарихи, маданияти ва фалсафасига оид кўплаб йирик татқиқотлар амалган оширилди. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди ва қилинмоқда. Аллоҳ таоло қуръони каримда:

“Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…”,- деб таъкидлаган (Иброҳим сураси 7-оят).

Инсон ўзидаги неъмат ҳақида мулоҳаза юритиши, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан унинг қадрини англайди.

Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди.Албатта, бу Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, - деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).

Давлатимизнинг ислом динига нисбатан ғамхорлиги барчамизда ўз навбатида ислом дининг мусаффолигини сақлаш, унинг асл моҳиятини теран англаб, ёш авлодни турли ғаразли кучлар таъсиридан ҳимоя қилишга масъулият ҳиссини оширмоғи зарур бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки инсонларга  улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмаган экан, демак  Аллоҳга шукр қилмабди”,- деганлар (Имом Термизий ривояти).

Демак, биз мусулмонларга ҳар томонлама кўмак бериб, зарур шарт-шароитлар яратиб берган рахбаримиздан тортиб, то атрофимиздаги кишиларнинг яхшилигини эътироф этиб, ташаккурлар айтмас эканмиз, Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматларининг шукронасини ҳеч ҳам адо этолмаймиз.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Алоҳ таоло бандага каттами,кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун  “Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизга мустақиллик шарофати билан неъматларнинг қадрига етиш, унинг учун шукрлар айтиб, уни янада мустаҳкам ва бардавом бўлиш йўлида савобли амалларни қилишимизни насиби рўзи айласин!

 

Пахриддин ЮСУПОВ,
ЎМИ Наманган тумани бош имом-хатиби