НОШУКРЛИК БИЗГА ЁТДИР

Бугунги кунда сўзсиз, дунё аҳлини ўйлантириб қўйган нарса, "Covid-19" номли коронавирус пандемиясидир. Ҳозирга келиб бу вабо билан касалланганларнинг сони икки миллионга етиб қолди. Пандемиянинг таъсири инсонларнинг соғлигига таъсир этибгина қолмай, иқтисод жиҳатидан бақувват бўлган давлатларнинг сармоясига ҳам путур етказмоқда. Иқтисодчиларнинг таъбири билан айтганда, дунёда молиявий инқироз ҳукм сурмоқда. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳукуматимиз томонидан мана шундай қийин вазиятда ҳар-қандай нохушликларнинг олдини олиш учун зарурий чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. 

Коронавирус касаллигига йўлиққан инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан барчамиз хабардормиз. Биргина оз муддатга битказилган карантин учун мўлжалланган маскан сўзимизга яққол далил. Шу билан бирга, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан, янги тузилган Маҳалла вазирлигининг масъуллиги остида тузилган хайрия марказига тушган маблағдан, ёрдамга муҳтож қатламга тарқатилаётган эҳсоннинг кўлами ҳақида айтиб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. Бу эҳсонларни қабул қилиб олаётган юртдошларимиз кўзларида ёш билан, мана шундай оғир кунларда ушбуларни ташкиллаштирган барча азизларимиз ҳаққига дуолар қилиб, Аллоҳга шукроналар келтирмоқдалар. Лекин афсуски, ватандошларимиз орасида тақдим қилинаётган бу хайриятни менсимай, турли ноўрин фикрларни билдираётганлар ҳам чиқиб қолмоқда. Энг хунук томони, ушбу ҳолатни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормоқдалар. Бу эса, бир томондан шунча қилинаётган ишларнинг файзига бир зарба бўлса, иккинчи томондан халқимизнинг нафратига, қўполроқ бўлса ҳам айтамиз, лаънатига қолишига сабаб бўлмоқдалар. Бу нарсани фейсбук ёки бошқа интернет воситалари орқали билдирилаётган коммент, изоҳларда кўришимиз мумкин. Аксар инсонлар буларнинг ношукрликларига салбий муносабатларини билдирмоқдалар. Қолаверса, бу ҳолат, бир майизни қирққа бўлиб еган халқнинг авлодларига ярашмаган иш.

Банданинг вазифаси, чин дилдан, эй Аллоҳ бизга ато этган неъматларингнинг ҳар бирига шукр этамиз, гарчи кўпларини биз билмаймиз, фақат Ўзинг билгувчисан,  деб айтмоғидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Одамларга нисбатан ношукр бўлган одам Роббисига ҳам ношукрдир", дея марҳамат қилганлар. Яъни, одамлардан келадиган эҳсонлар, қилинган яхшиликлар эвазига раҳмат айтиш ўрнига норизо бўлган кимса, Аллоҳ таолога шукр келтириш нима эканини билмайди, деганидир. Жамиятда ҳар-бир инсон бўлаётган ҳолатларга ўзининг муносабатини билдириши ўта муҳим. Бугунги мураккаб шароитдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳозирги онлар мўмин кишининг сабри синаладиган даврдир. Албатта ўзбек халқи бундан ҳам қийин вақтларда ўзининг матонатини кўрсатган. Умид қиламизки, юртдошларимиз вазиятни тўлақонли англаган ҳолда имкон қадар кўрсатилаётган бу хайриятларга ижобий муносабатда бўлиб, Аллоҳга ҳамдлар айтиб, мутасадди бўлган азизлар ҳаққига дуода бўладилар.

 

Қодиржон УМУРЗАКОВ,
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби