ОИЛАНИНГ ТИНЧ-ТОТУВЛИГИ – ФАРОВОНЛИК ГАРОВИДИР

Сир эмас, замонамизда оила, эр-хотин муносабатлари масаласи жамиятимизнинг жамиятимизнинг энг оғриқли, долзарб муаммоларидан бинига айланди. Ажрашишлар сони кўпайган, фарзандларнинг тирик етим қолиши ҳолатлари ҳамон оз эмас.

Дунёвий ҳаёти ва ухровий келажаги жиҳатидан шахсга ҳузур ва саодат берувчи соғлом бир жамиятни вужудга келтириш Ислом динининг асосий ғояларидан биридир. Ҳам шахс тарбиясининг илк ўчоғи ҳамда жамиятнинг тамал тоши бўлган оила муассасасига ва бу муассасанинг бошланғичи бўлмиш никоҳга Ислом алоҳида аҳамият берган куръони карим ҳам бу соҳада кўплаб керакли йўл йўриқларни кўрсатган. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда “Улар билан яхшиликда яшанг”, деб марҳамат қилган. (Нисо сураси, 19-оят)

Хонадонлар файзи, фарзандлар тарбиясига масъул, оила чароғбони бўлган аёллар бозор иқтисоди сабаб кўчага чиқиб, тижорат билан шуғуллана бошладилар. Бири муҳтожликдан шунга мажбур бўлса, бошқа бири ўткинчи ҳой-ҳаваслар, қаноатсизлик  боис бу йўлга кираётгани аниқ. Бу борада эркакларни ҳамиятсизлиги ҳам катта сабаблардан биридир.

Аммо буларнинг барчасидан ҳам таъсири кучли, оқибати жуда ёмон бўлган бошқа сабаб ҳам бор. У ҳам бўлса Аллоҳ таъолога итоатсизлик, илмсизликдир. Эр ҳам хотин ҳам ўзининг шаърий вазифаларини яхши билмайди, адо этмайди. Оқибатда оила аъзоларининг боши жанжалдан чиқмайди. Болалар тарбияси чала-ярим, қўсурли бўлиб қолади. Улар бемеҳр, оқибатсиз бўлиб улғаядилар.

Эркак ва аёл дунёда энг шарафли ва ақлли икки вужуддир. Бу икки вужуд доимо бир-бирларига муҳтождирлар. Улар айро ҳолда яшаш учун эмас, бирга ҳаёт кечириш учун яратилганлар. Никоҳ, оила туфайли инсон насли Ҳазрати Одам алайҳиссаломдан бугунгача ва бугундан жаннатгача давом этади. Жаннатда баъзи ибодатлар тўхтатилади, никоҳ ва имон давом этади. Буни қадрламасдан айро яшаш энг катта янглишишдир.

Асхоби киром розияллоҳу анҳумлар у дунёга никоҳсиз кетишдан шу қадар қўрқишардики, ҳатто ўлим олдидан ҳам никоҳланишга ғайрат кўрсатишарди.

Ўтган шариатларнинг ҳеч бирида эркак ва хотинни ёлғиз яшашга ундайдиган бирон амр ёки тавсия йўқдир. Лекин эркак-хотин жуфтлиги шаръий никоҳ билангина бўлмоғи керак. Ҳар иккисининг фикри, тасаввури ва ҳислари муносиб келсин. Шунда ўзаро суюкли бўладилар. Қалб ришталари чамбарчас боғланади.

Иброҳим Адҳам ҳазратлари: “Оилали бир одамнинг бола-чақаси учун тортган озгина заҳмати йиллар давомида қилинган нафл ибодатлардан устундир. Уйланганларнинг бўйдоқлардан устунлиги Аллоҳ йўлида чиққанларнинг уйларида ўтириб, ғазотга чиқмаганлардан устунлиги кабидир”, дедилар.

Кўриб турганимиздай, турмуш қуришлик динимиз асосларидан биридир. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳли аёли, бола-чақасига яхши муносабатда бўлганингиздир”, деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таъоло оилаларимизга меҳр-оқибат, файзу барокот берсин, тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

Иброҳимжон Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар “Ғойибберди Маҳдум” жоме масжиди имом ҳатиби