РАМАЗОН – ИНСОНПАРВАРЛИК ВА САХОВАТ ОЙИ

Яратганга шукрки жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари улуғ ва фазилатли рамазони шарифни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб оладилар. Юртдошларимиз бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида хайрли ишлар учун бел боғлайдилар. Бошқа ойлардан кўра рамазонда амалларга бир неча баробар ажру савоблар бериладиган қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олийжаноб, фазилатли, солиҳ амаллардан имкон қадар захира тўплаш илинжида бўладилар.

Рамазон ойи келиши сабабли жаннат эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилар экан. Шайтонлар кишанбанд қилиниб, Аллоҳ таолонинг раҳмат фаришталари ер юзига тушар экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадиларки: "Ким рамазон ойи келишлигида қалбан хурсанд бўлса, Аллоҳ шу бандани жасадини жаҳаннамга ҳаром қилади" дедилар.

Рамазон рўза ибодати ойидир. Рамазон ойининг  энг буюк хусусияти, фазилати – унинг рўза ойи эканидир. Рўзанинг дунёвий ва ухравий: руҳий, жисмоний, ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа кўплаб фойдалари барчага маълум. Биз ушбу ойнинг шарофати билан ана шундай буюк ибодатга сазовор бўламиз. Рўза ибодатига тегишли барча фазилатлар бевосита Рамазон ойига боғлиқдир. Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган рўза ибодати учун айнан Рамазон ойининг танланиши бу ойнинг фазли учун етарлидир.

Рамазон ойининг бошқа фазилатлари ҳам кўп бўлиб, улардан яна бири рўза ўз соҳибини дўзах ўтидан асрашлигидир. Инсон рўза тутиш билан гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади, шу жумладан рўза инсондаги шаҳвоний ҳирсларни бўғиб туради. Рўза бизларга бу дунёда гуноҳ ишлардан сақлагувчи бир қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб турувчи бир қўрғон кабидир. Шунинг учун Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза ибодатини дўзахдан асровчи восита дедилар. 

Рамазон ойи,  меҳр- мурувват,  саҳоват,  гуноҳлардан фориғ бўлинадиган ойдир,  келинг азизлар шу улуғ ойда, бир биримизга бўлган  гина-адоват,  келишмовчилакларни барчасини унутиб,  кечиримли бўлиб,  шундай улуғ ойга етказган Аллоҳга шукроналар айтиб, бу ойни ғанимат билишликни барчамизга насиб этсин!

 

Муҳибуллоҳ ҲУДОЙБЕРДИЕВ,
Тўрақўрғон тумани бош имом-хатиби