РАМАЗОН – ИНСОНПАРВАРЛИК ВА САХОВАТПЕШАЛИК ОЙИ

Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таолодан тутган рўзаларимизни ҳусни қабул айлашини ҳамда Ватанимизга ободлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга қут-барака ато этишини сўраб дуолар қиламиз.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ўн бир ой ҳаётнинг лаззатини татиган танамизни рамазони шариф билан лаззат қийматини билдириб, уни англаб етишга хизмат қиладиган Рамазон рўзаси илоҳий амрлар ичида нафсга энг оғир келадиган амалдир.

Бугун ўзгача кун, чунки, муборак рамазон ойи ўзининг таровати билан бутун оламга раҳматини ёғдиради. Бу раҳматдан манфаатдор бўлган инсон ҳам диллари ором олиб, танаси роҳатланиб, ахлоқи гўзаллашиб бориши таббийдир.

Йил давомида билиб-билмай қиланган гуноҳлардан қорайган қалбларимизни поклаб олишимизга яна бир фурсат, Парвардигорга яқин бўлишимизга яна бир имконият десак муболаға бўламайди.

Бу муборак ойнинг моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, сабр-қаноат туйғуларини, муқаддас динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни ўзаро яхшилик қилишга, барча миллат ва халқлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этишга қаратилган кенг кўламдаги савобли амаллар, тарғибот ишлари ташкил этиш, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёши улуғ инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш каби эзгу амалларни ижро этишимизга асос бўлса ажаб эмас.

Хусусан, муборак динимиз таълимотида фарзанд Аллоҳ таоло инсонга берган энг улуғ неъматлардан бўлиши баробарида, у омонат ҳам. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар унинг қадрига етишлари, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни, унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғил-қиз, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонишига сазовор бўлади.

Бинобарин, Рамазони шарифда фарзандларига одоб-ахлоқ борасида насиҳатлар қилиш, уларни қалбларига кира олишга имконият топилиши бир пайтнинг ўзида бу ҳам хайрия қилганнинг савобини олади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришдан яхшироқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Луқмони Ҳакимга фарзандларига берган одоб ва насиҳатларини гувоҳи бўлганлар нега ўғлингизга насиҳатни кўп қиласиз деган пайтда, “У киши, чунки, кексаларни ёшларга насиҳати боғбон ниҳолини тарбия қилгани кабидир” деган эканлар. Дарҳақиқат, одоб-ахлоқли бола жамиятнинг энг гўзал меваси, энг яхши инсонидир.

Рамазони шариф ҳам инсоннинг ахлоқини яхши бўлишида энг муҳим ўринда туради. Шунинг учун ҳам бу муборак ойни меҳр-мурувват, раҳм-шафқат, инсонпарварлик, саховатпешалик ойи деб номланади.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили