РАМАЗОН ОЙИ – ХАЙР-САХОВАТ ОЙИ

Муборак рамазон ойи ҳар бир мусулмон учун эзгу амаллар даври ҳисобланади. Хусусан, ундаги меҳр-шафқат, саховат ва мурувват, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги йўл-йўриқлар ҳар бир мўминнинг қалб истагидир.

Бу эзгу амаллар азиз китобимиз Қуръони Каримда ҳам кўп маротаба зикр қилиб ўтилади. “Сиздан (эй  Муҳаммад) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз”. Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб туривчидир” (Бақара сураси, 215-оят)

Меҳр-мурувватнинг савобини зиёда қиладиган омил, очиқ чеҳра ва ширин тилли бўлишдир. Зеро, Навоий хазратлари айтганларидек: “Кулар юз била ато-сахо устига сахо”.

Муҳтарам азизлар, Рамазон ойи бир-бирига меҳр-мурувват, раҳм-шафқат кўрсатадиган эзгулик ойидир. Ҳатто, тарихда урушлар ҳам бу ойда тўхтатилган, бир-бири билан аразлашиб юрган кишилар ярашганлар, баъзи бир сабаблар билан нотинч бўлиб турган оилалар бу ойни ҳурматидан бир-бирларини кечириб, аҳил-иноқликка юз тутганлар.

 

Анваржон МИРЗАЕВ,
Мингбулоқ тумани бош имоми ва “Шохи Жалил” жоме масжиди имом-хатиби