ШАЪБОН ОЙИ МУБОРАК!

Ассалому алайкум ҳурматли ravza.uz сайти мухлислари!

Бугун шаъбон ойининг илк кунидир. Айни шу муборак ой кунлари билан Сиз азизларни муборакбод этамиз.

Ҳижрий ойлар ичида шундайлари борки, унда қилинган илтижо, тоат-ибодат ва яхши амалларнинг даражаси бошқа пайтдагига қараганда юқорироқ бўлади. Шундай фазилатли ойлардан бири Шаъбон ойи, унинг бошқа ойлар ичида ўзига хос ўрни бор.

عن أسامة بن زيد رضي الله عنه قال: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللَّهِ لَمْ أَرَكَ تَصُومُ شَهْراً مِنْ الشُّهُورِ مَا تَصُومُ مِنْ شَعْبَانَ. قَالَ: ذَلِكَ شَهْرٌ يَغْفُلُ النَّاسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبٍ وَرَمَضَانَ وَهُوَ شَهْرٌ تُرْفَعُ فِيهِ الأَعْمَالُ إِلَى رَبِّ الْعَالَمِينَ فَأُحِبُّ أَنْ يُرْفَعَ عَمَلِي وَأَنَا صَائِمٌ   (رواه أحمد والنسائي)

Усома ибн Зайд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Мен: "Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар” (Имом Насоий ва Абу Довуд ривоятлари).

Эслатиб ўтамизки, шундай кунларда кечалари ибодат, дуо ва илтижолар қилиб, саловотлар айтиб, юртимизнинг тинчлиги, хусусан бугунги кунда дунёда тарқалган КОРОНАВИРУС касаллигига қарши дуои хайрда бўлишингизни тавсия қиламиз.

Умид қиламизки, Аллоҳ таоло дуоларимизни ижобат қилади. Барчаларимизни хонадон аҳлимиз билан соғ-саломат бўлишимизни, имон-эътиқодимиз мунаввар бўлишини бизларга ато этади.

Яна айтамизки, сизлар бугунги кун шарофатига ибодат ва дуоларингиз билан эга бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурида аброрлар қаторида саналсангиз ажаб эмас.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилоят вакиллиги матбуот хизмати