ҚУРБОН ҲАЙИТИГА ТАДОРИК

Барчаларингизга маълум, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши томонидан Қурбон ҳайитини нишонлаш ҳақида баёнот эълон қилинди. Баёнотни кўпчилигимиз ўқидик ёки эшитган бўлдик. Ушбулардан келиб чиқиб, берилаётган энг кўп саволлар, ўтган Рамазон ҳайитида бўлгани каби, шунча йиллардан бери ўқиб келинаётган ийд намози энди нима бўлади, деган маънода ва Қурбонликка тегишлидир.

Азизлар, шариатимизда ҳеч-бир савол жавобсиз қолмаган, албатта, ҳар-бир мушкулотнинг ўзига яраша ечими бор. Хўш, мана шундай вақтларда мўмин мусулмон одам ўзини қандай тутиши керак? Ҳайит намозини ўқишга, яъни, ҳозирги кундаги инсонларнинг соғлигига хавф-хатар туғдирадиган маълум бир сабаблар туфайли масжидларда ўқиш имконияти бўлмаса, нима қилиш керак? Бу ўринда энг мақбул йўл бу - ишбошиларга қулоқ тутиш. Яъни, дин ва тиб соҳасининг етукларига эргашиш.

Чунки уларнинг тавсияларида биз учун хайрият бор. Масжидларда жума ва ҳайит намозини адо этиш учун керакли шартлар бор. Ушбулардан бири бу хавф-хатардан омонда бўлишдир. Яъни, одамлар бир жойда тўпланиб, ибодат қилишда соғликка зарар етадиган ҳолат бўлмаслиги керак. Коронавирус иллати эса, юқуш хавфи юқори бўлгани учун ҳам, уламоларнинг фатволарига мувофиқ биздан жума соқит бўлади. Ўрнига пешин ўқилади. Ҳайит намози ҳам ҳудди шундай адо этиш юзасидан вожиблиги кўтарилади.

Энди ушбу ҳолатда ҳар йилгидек файзни топишни ихтиёр этганлар учун Кенгашнинг баёнотларидан иқтибос келтирамиз: "Коронавирус пандемияси сабаб карантин ҳолатида ҳайит намози ўқилмаётгани учун қурбонликни тонг отгандан бошлаб қилиш жоиз бўлади. Юртдошларимиз ҳайит куни бомдод намозини ўқиганларидан сўнг, қуёш чиққандан кейин 4 ракат Зуҳо намозини ўқиб, кейин қурбонлик қилсалар, янаям савобли бўлади. Қурбонлик қилиш ҳайитнинг 3-кунига қадар давом этади.

Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади".

Азизлар, хулоса қилиб шуни айтамизки, ҳайитни уйимизда, оиламиз даврасида нишонлайлик. Зеро, бизнинг ҳар-бир ҳаракатимиз остида саломатлигимиз турибди. Қурбонликка аталган жонлиғимизни сўйиб, зиёфат уюштирмасдан, лозим бўлган азизларимизга тарқатиб, Аллоҳдан ажрларни умид қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Шояд Роббимиз ушбу хайрият ортидан ва бу гўзал кунлар баракотидан коронавирус юқумли касаллигидан юртимизни халос этса. Аллоҳ таоло муборак Қурбон ҳайитини ҳаммамиз учун қутлуғ қилсин!

 

Қодиржон УМУРЗАҚОВ,
Поп тумани “Муҳаммаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби