ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ – ОҒИР ЖИНОЯТЛАРДАН БИРИДИР

Бугунги кунда  ўз жонига қасд қилиш муаммоси ҳанузгача кишини ташвишга солиб келмоқда. Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган ҳар қандай синов, қийинчилик, муваффақиятсизлик, мусибатларга сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаса, Яратганнинг раҳматини топган бўлади.

Турли шайтоний васваса, тушкунлик ва  умидсизликка берилмай, Инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиши керак бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Одам фарзандларини мукаррам қилиб яратган бўлиб, Қуръони каримда баён қилинган.

Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айниқса, хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши жуда ҳам қаттиқ қораланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”  (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят.

Яна бошқа бир ҳадиси шарифда:“Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобга қолади”, – деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Инсон борки унинг бошига турли хил мусибат ва муаммолар тушиши табиий ҳол. Бу мусибатларни енгиб ўтиш ҳақиқий мусулмон инсоннинг ишидир. Бирор синов келса, осмону фалакни бошига кўтариб аййуҳаннос солиб, дод-фарёд қилиш, ўз жонига қасд қилишни барча ташвишлардан қутилишнинг ягона йўли деб билиш – имоннинг заифлигидандир. Ваҳоланки, бу услуб ечим эмас, балки  энг буюк азоб-уқубатнинг бошланишидир.

Шу муносабат билан афсус ила зикр қилибўтиш лозимки, ҳар-хил йўллар ила ўз жонига қасд қилиш воқеалари айниқса аёллар ва ёшлар ўртасида рўй бериб турибди. Бу мудҳиш ҳолатлар Ислом шариатида қоралангани баробарида Аллоҳ таолонинг қазойи қадарига ҳам туғён қилиш саналади. Қолаверса киши ўз хешу-ақраболарини ва ота-оналарини ҳам оғир кулфатга солиб қўйишга сабаб бўлади. Бунинг оқибатида болалар етим қолмоқда, оилалар пароканда бўлмоқда.

Аллоҳ таолога шукрки, биз, мусулмонлар, яшаш учун ҳамма шароитлар тўлиқ муҳайё қилинган, тўкин, тинч ва фаровон жамиятда яшамоқдамиз. Бундай адолатли жамиятда яшаш айни саодатдир. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди!

Аллоҳ таоло бизга омонат қилиб берган ҳаёт неъматини ва умримиз йилларини чиройли солиҳ амаллар қилишга, савобли ишлар билан ўтказишга, кундалик ҳаётий қийинчилик ва муаммоларимизни ақл-заковат билан  ҳал этишга  ҳаракат қилиш ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан доимо умидворлик билан яшашга интилиш – ҳақиқий иймонли инсоннинг баркамол фазилати  ҳисобланади.

 

Жобирхон Рашидов,
Мингбулоқ тумани "Мулла Тожи Ахмад" жоме масжиди имом хатиби