ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ ШАРИАТДА ГУНОХИ КАБИРАДИР.

Инсон турли шайтоний васваса, мусибатга сабрсизлик, тушкунлик ва умидсизликка берилмай, инсон деган улуғ номга ва мўъминликка мувофиқ иш тутиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло инсониятни яратган экан, унга тўғри йўлни кўрсатувчи илохий китоблар ва Пайғамбарларни юбориб, улар орқали инсонларнинг руҳий ва жисмоний эҳтиёжларини қондирувчи кўрсатмаларни баён этгандир.

Инсонга берилган неъматлар ичида энг улуғи иймон неъмати бўлиб, киши иймон ва солиҳ амаллари туфайли дунёда фаровон ҳаёт кечиради, охиратда эса жаннат неъматларидан баҳраманд бўлади.

Аллоҳ таоло Одам фарзандларини мукаррам қилиб яратган, бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейди. “Яъни. Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга от-улов ва кемаларга миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят).

Шунга қарамай, кейинги вақларда жамиятимизда айрим кишилар билиб-билмай, айниқса ёшлар, хотин-қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар.

Инсон ўзига омонат қилиб берилган жонни ўз қўли билан ҳалокатга ташлаши, яъни ўз жонига қасд қилиши нафақат мусибатдан қутилишнинг энг нотўғри йўли, балки унданда каттароқ мусибатга ўзини мубтало қилиш демакдир.

Ватандошимиз Имом Бухорий ривоят қилган хадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Сизлардан олдинги умматдан бўлган бир кишининг баданига тошма тошган эди. Тошма унга озор беравергач камон ўқини қинидан олиб, ярани тирнай бошлади ундан чиққан қон тўхтамай оқиш оқибатда у киши ўлди. Шунда Аллоҳ таоло
"Бандам шошиб ўзини ўлдирди шунинг учун жаннатни унга ҳаром қилдим" деди.

Бошқа бир хадисда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар.
“Кимки бу дунёда ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ҳам унга ўша нарса билан азоб берилади”. (Имом Бухорий ривояти).

Фиқх китобларимизда ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар.
Афсуски хозирги кунларда ҳам юртимизда аёллар, ёшлар ичида турли арзимаган сабалар билан ўз жонига қасд қилиш холатлари кузатиб турилибди.

Асосий муаммоларимиздан бири руҳий тушкунликка берилаётган бундай тоифа инсонларга яқинлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаслиги, бепарволик, уни қийнаётган, жавобини топа олмаётган масала ечимини ҳал қилиб берилмаслигидир. Шунинг учун барчамиз бир-биримизга нисбатан масъул эканлигимизни унутмайлик,Ўзаро эътиборли, меҳр-оқибатли бўлайлик.

 

Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳри “Истиқлол” жоме масжиди имом-хатиби