ЗАКОТ – ИСЛОМНИНГ КЎПРИГИДИР

Бугун Яратганнинг инояти билан муборак Рамазон ойи юртимизда файз ва баракотли давом этмоқда. Демак, бу ойнинг ҳар кеча ва кундузини ибодат ва хайрли амаллар билан ўтказиш юксак бахтимиздир. Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда кўпроқ савоблар берилиши баён қилинган.

Айтишимиз мумкинки ислом арконларидан бири бўлган муборак Рўза ибодати тана зокоти деб келтирилади. Бу Рўза ибодати билан танамиз ва руҳимиз покланади ҳамда хайрли ишларга эътибори кучаяди. Шундан келиб чиқиб, эзгу ишларнинг гултожи бўлган меҳр-мурувват ибодатининг ижроси ҳам гўзаллашиб боради. Меҳр-мурувват кўрсатишни қуйидаги фарз бўлган амаллар билан таъминланади.

Динимиз таълимотига кўра, берилиши фарз бўлган олтита моддий ёрдам бор.  Улар; зокот, ушр, хирож, каффорот, назр ва фитр садақаларидир Буларнинг миқдори, бериладиган мотоси, берувчи ва олувчилари шариат нуқтаи назари билан белгилаб берилган. Унинг ажрлари китобларда кенг миқёсда ёритилган. Шунинг учун бўлса керак, берувчи ва олувчида, шу билан бир қаторда, бераётган моддий ёрдамни ўз эгаларига бериш ҳақида Қуръони карим ўзининг баёнотини берган.

“Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар, унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошно қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Алоҳ илмли ва ҳикматли зотдир”.  (Тавба сураси, 60-оят)

Дарҳақиқат, закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб ҳикмат ва манфаатлари бор. Унда аввало жамиятдаги инсонлар ўртасида ўзаро муносабатлар мустаҳкамланади. Чунки, иқтисодий томондан турли хил ҳолатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум бир тўсиқ бордек туюлади. Ушбу тўсиқни кеткизиб, уларни бир-бирига яқинлаштирувчи диний восита закотдир.

Шунинг учун ҳадисда “Закот исломнинг кўпригидир” – дейилган. Моддий жиҳатдан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш – ижтимоий ҳимоя қилиш ҳаётда барчага баробар бурч дейишимиз мумкин. Шу боис закотни олишликка ҳақли қатлам – кам  таъминланган кишилар деб кўрсатма берилган. Ҳанафий мазҳабида закотни берилиши лозим бўлган ўринларни айтиб ўтиб, қарздор ва кам таъминланган кишиларга аввал бериш таъкидланган.

Бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ закот беришда эгалик ҳолатига катта аҳамият берилган. Яъни закот олувчи киши закотни қўли билан олиб ўз мулкига айлантиришига аҳамият берилган. Демак, бу талабдан келиб чиқиб, закот олувчи кам таъминланган, закот молини олиши шариат нуқтаи назаридан ҳақли киши эканлигини билингандан сўнг закотни уни ихтиёрига топшириш мумкин бўлади. Бу талабдан келиб чиқиб, бирор бир умумий бўлган жамият ва тоифаларга мавҳум ҳолатда закотни бериш мумкин эмаслиги келиб чиқмоқда.

Албатта закот беришликда закот берувчилар жойлардаги расмий уламолар билан маслаҳат қилиб закот нисобини аниқлашлари ва берилиши лозим бўлган оилаларга топширишлари айни муддаодир. Бизнинг мазҳабимизда закот кам таъминланган қатламнинг ҳаққи дейилган. Бу ҳақни бой кишиларга, жумладан масжид ва мадрасалар, корхоналар қуришга, кўприклар барпо этишга жамиятга зарар келтирувчи ишларга сарф қилишга рухсат этилмаган. Айтишимиз лозимки, закот берувчи закотини фақат кам таъминланган оилаларга топшириши манфаатлироқ ҳамда закотини адо топганлигининг кафолатидир. Айни пайтда закот олувчи томон ҳам хайриятли, салоҳиятли, эзгупарвар ва дин-диёнатли бўлиши лозим. Шундагина биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Молларингизни закот билан қўрғонланг”- деб айтган ҳадисларига мувофиқ амал қилган бўламиз.  

Айтиш мумкинки, закотнинг ҳикматлари асосан бахиллик ва хасисликдан асрайди. Закот жамиятда қашшоқлик иллатини йўқотади. Закот яхшиликлар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Закот билан закот берувчининг моли баракотли бўлади. Закот жамиятнинг бир-бирига иттифоқини зиёда қилади. Закот неъматга шукр келтиришлик фазилатига эриштиради ва бундан ташқари бошқа бир неча яхшиликларга эга қилади.

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят бош имом-хатиби