ЗАКОТ БЕРИНГ...

Маълумки, Рамазон ойида Аллоҳ таоло бандаларига ўз раҳмати ва баракотини кўплаб нозил қилади. Шундай экан ўз навбатида инсонлар ҳам бу кунларни ғанимат билиб, кўпроқ ибодат ва эзгу амалларни адо этишга ҳаракат қилиши лозим. Эзгу амаллар деганда, аввало, чин ихлос-эътиқод, ибодатда бардавом бўлиш, шунингдек, ўзгаларга хайру саховат кўрсатиш ва уларни чиройли кўринишда холис адо этиш тушунилади. Бугунги кунда барчаларимиз муборак Рамазон ойида Аллоҳнинг бизга ато этган неъматларидан баҳраманд бўлиб турибмиз. Ўзига шукр, ушбу ойни сизу-бизлар тинчлик-хотиржамликда, осойишталикда ўтказмоқдамиз.

Ислом дини беш асос устида қурилган бўлиб, шулардан бири бу закот ибодатидир. Закот Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига фарз қилган амалларидандир. Ҳақ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Намозни баркамол ўқингиз, закот берингиз...” бошқа бир оятда эса: “Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг...” (Тавба, 103), деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Сизлар молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз”.

Маълумки, закот муайян миқдордаги маблағга эга бўлган мусулмоннинг зиммасига фарз бўлади. Закотни вожиб қилувчи муайян миқдор шариат тилида – нисоб дейилади. Закоттилло ва кумуш, пул, мева ва деҳқончилик маҳсулотлари ҳамда чорва молларидан берилади. Закот бериладиган молнинг нисоби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан қатъий белгилаб берилган.

Тиллонинг нисоби (85 гр.) 20 мисқол бўлиб, ундан (2,5 гр) 0,5 мисқол закот учун ажратилади. Яъни, қирқдан бири демакдир. Закот вожиб бўлиши учун юқорида айтиб ўтилган нисоб миқдори мавжуд бўлиши ҳамда шу нисобга бир йил тўлиши керак.

Албатта, закотнинг савоби янада мукаммал бўлиши учун уни муносиб ўринларга бериш жуда муҳимдир. Қуръони каримда закот бериладиган ўринлар аниқ баён қилинган: “Албатта, садақаларни фақат фақирлар, мискинлар унда (садақа ишида) ишловчилар, диллари ошна қилинувчи (ғайридин)лар, (пул тўлаб озод этилувчи) қуллар, қарздорларга ва Аллоҳ йўлида ҳам йўловчига (мусофирга бериш) Аллоҳ (томони)дан фарз (этилди). Аллоҳ илмли ва ҳикматли зотдир” (Тавба, 60).

Бу саккизта ўриндан ғайридинлар, қуллар чиқариб ташланган. Ғайридинлар Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу даврида саҳобалар ижмои ила, қуллар эса ҳозирги асримизда мавжуд эмаслиги ила бекор қилинган.

Закотни ҳозирги карантин даврида қийналиб қолган қўни-қўшниларимиз, маҳалладошларимизга берилса ҳам ўринлидир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни муборак ойда эзгу амалларни кўпроқ қилишга муяссар айласин!

 

Исроилхон ҚИРҒИЗБАЕВ,
Уйчи тумани бош имом-хатиби