АЁЛЛАР МЎЪТАБАР ЗОТ

         “Она” сўзи ўзбек лахжаларида “Ойи” , “Опа” , “Ая”, сўзлари билан хам ифодаланади. Ўйлаб қарасангиз, хамма замонларда инсониятнинг эхтиромига сазовор бўлган мухтарам ва мўътабар зот- бу онаизордир. У оила бошлиғининг вазири, фарзандларига ғамхўр ва мехрибондир.

Она оила муқаддаслигини сақловчи, унинг ижтимоий, мънавий-ахлоқий мухитини бунёд этувчи, шакиллантирувчи мукаррам зот сифатида таърифланади.

         Онанинг буюк хизмати шундаки, у Яратганнинг қудрати билан туғилиш даражасигача ўз раҳмида кўтариб, танасида ўзи қатори озиқлантиради ва дунёга келтиради.

         Аллох таоло: “...Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва қийналиб туққандир. Унга хомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир...  (Ахқоф, 15) дея, мархамат қилади.

         Она чақалоқни парваришлаш даврида ўзига қараганда хам кўпроқ ва куч талаб қилиши барчамизга маълум. Бу парвариш даврида она тамонидан фарзанд учун чинакам инсоний фазилат-мехр-шавқат, инсонпарварлик, келажакка ишонч каби фидоийлик кўрсатилади. Дунёда онадан бошқа бирон-бир мавжудот инсоннинг дунёга келиши, камол топиши учун бу каби мехнат, мехр-шавқат кўрсата олмайди.

         Бежизга ҳадисларда: “Жаннат оналар оёғи остидадир”- деб, айтилмаган. Кўпинча, она ўз оромидан воз кечиб, фарзандининг рохат-фароғатини ўйлайди. Инсондаги меҳр туйғуси, муруват чашмаси, ахлоқ одоб фазилатлари фарзандга она тамонидан ўтишини диний ва дунёвий фанлар хам тасдиқлайди. Инсонийлик фазилатларининг болага ўтиши хомила даврида, туғилгандан кейин ҳам она бағрида ардоқланиши билан изохланади. Бу яратганнинг инсон фарзандига берган бебахо иноми десак, адашмаймиз. Бир сўз билан айтганда, она хаққига дунёда қанча мақтов бўлса, унга қанча хизмат қилинса, шунча оздек кўринади. Демак, онадек табаррук сиймони эъзоз эҳтиром этиш бутун инсоният учун хам фарз, ҳам қарз бўлиб келган. Бу муқаддас бурч бобида шоирлар султони Ҳазрати Навоий  бобомиз айтган байтларини яна бир карра эслаш жоиз:

 

Бошни фидо айла ато қошига,

Жисмни қил сатқа ано бошига.

Туну-кунунгга айлагали нур пош,

Бирисин ой айла, бирисин қуёш.

 

Қодирхон  МАМАЖАНОВ

Янгиқўрғон тумани “Мамай” жоме

 масжиди имом-хатиби