АЁЛЛАРГА ЭҲТИРОМ.

  Муқаддас динимиз аёл шаънини улуғлайди. Унинг пойига жаннат башоратини беради. Аллоҳнинг розилигини унинг розилигига боғлайди. Динининг таълимотини ўзига сингдирган ислом уммати аёл қадрини осмон қадар кўтаради.

  Негаки, у инсоний хилқатни давомийлигини таъминловчи улуғ сиймо. Аёл борки она бўлишни орзу қилади. Оналикни шараф ва бахт деб билади. Она вужудида сақлаб, жонини гаровга қўйиб, ўлимни бўйнига олиб боласини дунёга келтиради.

   Аллох таолони охирги ва мукаммал Ислом дини, қиёматгача боқий қолгувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсонларга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини ислом аёл зотига ўз мақомини берди.

  Жумладан қиз фарзанд туққан, уни боққан, уни қарамоғига олган, тарбия қилиб вояга еткизганларга дўзахдан қутилиш, жаннатдан жой олиш мукофотини эълон қилди. Умуман аёл зотига унга мос ва хос бўлган барча хақларни берди. Уни улуғлади ва шарафлади:

  Ривоятларда ўша ҳақ ва шарафлардан баъзиларини келтириб ўтамиз. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг иккита қизи бўлса, у иккисининг суҳбатини яхши қилса ёки иккисига яхши соҳиб бўлса, икковлари уни албатта жаннатга киритади”, -дедилар.”

Қиз фарзандни одобини чиройли, билим эгаси, касб-хунарли қилиб тарбиялаган ота-онасига жаннатга кириш айтилмоқда. Минг афсуслар бўлсинки, айрим ёш йигит ва қайноналар келин қиз фарзанд кўрса оилада тинчлик йўқолиб, халоват кетиб, охири келин уйга кетиш холлари оз бўлсада учраб турмоқда. Қиз фарзандни юқорида айтиб ўтганимиздек тарбия қилсак қандай ҳам яхши.

Шу ўринда аёл зотига таълуқли бир ривоятни келтирамиз.

Қадимда бир юртда золим подшох бўлган экан, бир куни вазирини чақириб мен харбий юриш қилиб давлатларни ўзимга бўйинсундирмоқчиман, деб айтибди ва вазирига  иккита чопарни иккита узоқ юртларга жосуслик қилиш учун жўнатиш вазифасини берибди. Иккита чопар бири машриқ томонга иккинчиси мағриб томонга қараб кетибди. Орадан бир қанча муддат ўтгандан сўнг чопарлар қайтиб келишибди. Золим подшох улардан қайси юртга борганлигини ва у юртда аёлларга қандай муносабат бўлаётганлиги хақида сўрабди.

Чопарлардан биринчиси – подшохим, мен борган юртда аёллар жуда хор экан, эркаклар ўз ишлари билан овора, аёллар ўз билганча яшар экан. Эркаклари аёлларини хеч қизғанмас ва хар ким аёллар билан хохлаган ишини қилиб кетаверар экан,-дебди.

Иккинчи чопар, шохим мен борган юртда аёллар иззат ва икромда, эркаклари аёлларини жуда рашқ қилар, уларга хеч қандай оғир иш қилдирмас экан. Эркаклари ва аёллари  хеч бир бегонага    шахват назари билан хам боқмас экан дебти.

Подшох иккаласини хам сўзини эшитгандан сўнг биринчи чопар келтирган хабарга кўра, ўша юртга юриш қилишлик ниятини айтибди. Шунда вазири: подшохим, нима учун айнан шу юртга юриш қилмоқчисиз, —  дебди.

Подшох вазирига қараб  аёллар хор қилинган, аёллари эркаклари томонидан қизғанилмаган, зино ва фахш ишлари  кенг тарқалган ва эркаклари аёлларини химоя қила олмаган юрт эркаклари ўз юртини хам химоя қила олмайди деб айтибди.

Қиссадан хисса шуки қайси юртда аёллар хор қилинса, аёлларга паст назар билан қаралса ва эркаклар аёлларини рашқ қилмай қўйса мана шундай золим подшохларни зулмида қолади.

Шукрки, бизни юртда аёллар иззат ва икромда, хукуматимиз томонидан аёллар учун яратилаётган шароитларни хар қанча гапирсак оз.

 

                                                              Маъруфхон АЛОХОДЖАЕВ,

                                                                  “Абдулқодир қори” жоме

                                                                     масжиди имом хатиби