ЭР ВА АЁЛ САБРИНИНГ МУКОФОТИ!

Аёл саҳар туриб бомдодни ўқиди. Эри ҳам бошқа хонадан жойнамозини кўтарганча чиқар экан, бир-икки аксирди. “Шамоллаб қолмадимикан?” хавотирланди аёл. Кеча туфлисини артаётганида унинг уриниб қолганига кўзи тушган эди. Минг марта тикилган жой яна сўкилган, таги синиб ичи жиққа сувга тўлган эди. Энди нима қилса экан? Туфли олишса болаларнинг мактаби учун йўл кирасига етмайди.

   Аёл уйда қўлга илинадиган, сотишга арзийдиган бирор нима топа олмади. Бор бўлсаям, эски бозорда арзимаган нархга сўраб дилингни сиёҳ қилади. Ўйлади, секин кийимларини кўздан кечирди. Сотишга арзийдигани ҳам қолмабди. Бирининг тиззаси тешилган, бирининг ранги ўчган. Ким ҳам оларди, дейсиз?

   Эр эса бир бурда нон билан чойни хўпларкан, хаёлга толди. Шунча меҳнат қилиб косам оқармайди, намунча пешанам шўр бўлмаса, ҳаттоки битта оёқ кийимим ҳам йўқ деб ҳаётидан нолимади балки “Ё Аллоҳ, Ўзингга  шукр, сабр қилувчилар сафида қилган яратган эгам – Ўзингга ҳамдлар бўлсин!” деди.

   Шу чоғда дарвоза тақиллади.

   — Муҳаммадназар устанинг уйи шуми?

   — Ҳа, менман, кираверинг.

   — Ёзда томимизни ёпгансиз, қўшни маҳалладан Нодир аканинг ўғлиман. Бизда озроқ пулингиз қолиб кетган экан.

   Уста бироз тараддудланди, чунки уста пули қолганлини эслаёлмасди.

   — Ҳаммасини бериб эди-ку! Дадангиз адашган бўлмасин.

   — Охирги ҳафтаники қолган экан. Дадам хизмат сафарида анча қолиб кетдилар. Қайтишлари билан менга пулни тутқазиб сизникига югуртирдилар.

   Уста эслагандек бўлди. Пулни олди. Аёли қўярда қўймай бозорга судради. Оёғига тузукроқ пойабзал олишди. Қолганига аёлига ва болаларга ҳаражат қилишди. Бозордан қайтишар экан, уста ичида «Сабр қилувчилар қаторида қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!» дея пичирларди...

   Агар эр ўшанда ношукрлик қилганида ҳам бирор нарса ўзгармас эди, шукр қилди, Аллоҳ сабр ва шукрига яраша зиёда қилди. Сабр ва шукр қилганига охиратда бериладиган савоб унга яна бир мукофот бўлиб қолди.

   Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши, ўзига яхшиликдир. Бу фақат мўминлардагина бўлади. Агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади, бас, унга яхши бўлади. Агар унга хафачилик етса, сабр қилади, бас,  унга яхши бўлади” - дедилар. Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик шартларини, буйруқларини етарлича бажара олмайди.   Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, — деганлар.

Содиқжон Қўчқаров

Наманган туман “Орифхон Ҳожи” жоме

 масжид имом-ноиби