ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

Аллоҳ таъоло бу кенг оламдаги барча мавжудотларни ўз ҳикмати билан жуфт яратганидек, инсонни ҳам жуфт яратди. Бошқа жонли-жонсиз махлуқотларидан афзал ўлароқ уни ақл, тафаккур, нутқ каби улуғ неъматлари билан азизу мукаррам этди. Эркакни оилага меҳрибон бошчи, раҳбар қилиб, аёл зотини эса ардоқли, жуфти ҳалол, оиланинг чироғи, посбони ва фарзандларга мураббия қилиб яратган. Аллоҳ таъоло инсоният силсиласини давом эттириш учун аёлга оналик бахтини ва масъулиятини берди. Аёл эркак учун ширин ҳаёт ва таскину ором, осойишталик тимсолидир.

Муқаддас динимиз таълимотларида аёлнинг шарафини, иффатини ҳақ ҳуқуқларини нақадар улуғ эканлиги батафсил кўрсатиб ўтилган. Ислом бундан ўнбеш аср муқаддам аёл ҳам инсон сифатида эркак билан тенг ҳуқуқларга эга эканлигини эълон қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ ҳуқуқларини белгилаб беришда бутун кишилик жамиятига намуна бўлдилар. Мусулмонлар аёлга қандай муносабатда бўлиши лозим эканлиги ўз шахсларида намоён қилдилар. У зот оилаларига, қизларига, аёл қариндошларига, шунингдек, умуман  аёл зотига алоҳида меҳр-шафқат билан муомала қилар ва умматларига: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин, аёлларга доимо яхшилик қилсин...” деб тавсия қилар эдилар.

Ислом дини аёл зотини улуғлаш билан чекланиб қолмаган, балки эркак кишига берган барча ҳуқуқ ва вожиботлардан жамиятнинг ажралмас бир аъзоси бўлмиш аёлга ҳам берган. Илм олиш эркагу-аёлга бирдек фарз, молиявий муносабатларда аёл ўз моли ва бойликларини ўз ихтиёри билан тасарруф қила олади. Аёл эри ёки отасининг аралашувисиз тижорий шартномаларни ихтиёрий тарзда тузиш ҳуқуқига эга. Эркаклар молиявий муомалаларда қандай ҳуқуққа эга бўлишса, аёлларга ҳам худди шундай ҳуқуқлар берилган. Аёл ислом таълимотларига риоя қилган ҳолда жони, соғлиғи, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисмини ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишларда эркак билан тенг ҳуқуқлидир.

Аслини олганда аёл аввало онамиз, қолаверса жуфти ҳалолимиз, опа синглимиз, қизимиздир. Ана шу нозик хилқатнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиши, жамиятимиз соғлом бўлишини таъминлайди. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандларнинг дунёга келиши оналар сабабли бўлади. Уларга илк таълим-тарбияни ва одоб-ахлоқни ҳам оналар, момолар ўргатишади. Демак, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига боғлиқ экан. Биз ҳозирги кунда ардоқлаб тарбиялаётган қизларимизни қанчалик илмли, ахлоқли, имонли, дунёқараши кенг, шу билан бирга аёлларга хос бир касб ҳунар устаси қилиб тарбиялай олсак, динимиз талаби, Ватан тараққиёти учун улуғ хизмат қилган бўламиз.

Бугунги маънавий таҳдидлар, информация хуружи авжига олган кунларда кўзимиз оқу қораси қизларимизни – келажак оналарини тарбиялаш янада долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Уларни турли диний экстремистик оқимлар, миссионерлар, оммавий маданият фитналаридан асраб, пок эътиқодли, миллий қадриятларга содиқ, юксак маънавиятли, илмли ва ўзига яраша касб-ҳунар эгаси қилиб тарбиялаш бош мақсадимиз бўлиши лозим.

 

Авазбек ТЎРАЕВ,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме масжиди имом-хатиби