Шаърий никоҳнинг одоблари

Оила-инсон учун муқаддас ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оила масаласига алоҳида аҳамият бериб, унинг мустаҳкам бўлиши учун бир қатор низом ва қонунлар жорий этган. Жумладан, оилани шаърий никоҳ орқали барпо қилиш мазкур низомлардан бири ҳисобланган.

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в)нинг суннатлари билан мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас риштадир, дейилган. Шунингдек, Қуръони каримнинг Рум сурасининг 21-оятида “Унинг аломатларидан (яна бири)-сизлар (Нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқли ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир” деб марҳамат қилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри билан боғланади. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда аввал қиздан, сўнгра йигитдан сўралади. Жавобни гувоҳлар эшитишлари никоҳнинг асослари қилиб белгиланган.

Ҳадиси шариф дин билан хулқ кишининг кимлигини билдирувчи асосий сифат эканлигини таъкидлайди. Ҳанафий уламолар, оила барқарор бўлиши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқиши учун ҳар икки томон бир-бирига ҳамма жиҳатдан тенг бўлиши шарт деганлар. Яъни иқтисодда, одоб-ахлоқда, турмуш тарзи ва бошқа жиҳатларда ўзаро тенг ёки яқин бўлишса, бир-бирларини тезда тушиниб кетадилар.

Никоҳда шариатимиз кўрсатмасига биноан, асосий ҳаражат маҳр хисобланади. Маҳрни келинга киёв беради. Маҳрни миқдори қатъий эмас. Ҳар қайси юртда, одатда ўша келинга ўхшаган дугоналарига қанча маҳр берилса, бунга ҳам шу миқдорда берилади, дейилган. Лекин мазҳабимиз соҳиби Имом Аъзам р.ҳ. аёлнинг уч-тўрт ой қийналиб қолмаслиги учун маҳрнинг энг оз миқдорини ўн дирҳам тилла деб белгилаб қўйганлар. Ўн дирҳам 32 гр, вазнга тенг бўлади. Бир грам тилла никоҳ пайтида неча сўм бўлса, ўшани унга кўпайтириб чиққан суммани маҳрнинг энг ками деб белгиланади. Ҳанафий мазҳабимиз кўрсатмасига кўра, ўша жойда одатда қанча маҳр берилаётган бўлса, киёвнинг зиммасига ўз-ўзидан ўша миқдордаги маҳр вожиб бўлаверади. Ўз маҳридан кечиб, эрини рози қилган аёлларга Аллоҳ таоло ажру-савоблар ато қилиши ваъда қилингани ҳам муқаррар.

Анас р.а. дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келтирилади:

“Набий с.а.в. Абдураҳмон ибн Авф р.а.да сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?” дедилар. У “Эй Аллоҳнинг Расули данак оғирлигидаги тиллага бир аёлга уйландим”, деди. Расулуллоҳ с.а.в. “Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер” – дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифга биноан уйланган киши бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бериши мустаҳабдир. Зиёфатга имкон қадар одамларни чақириш мумкин. Лекин, албатта муҳтож кишиларни ҳам таклиф этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. “Таомларнинг энг ёмони очлар қолиб тўқлар чақирилган зиёфат таомидир” – деганлар.

Демак, икки ёшнинг бир-бирига никоҳ орқали ҳалол бўлганини, шаърий оила қуриб яшай бошлаганини одамларга билдириб қўйиш зарур экан.

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қўйидагича насиҳатни қилган эканлар:

“Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-киёвларимизга ҳалол-харомни, эр-хотинлик вазифаларини, хусусан никоҳни бузишга сабаб бўладиган талоқ масалаларини мукаммал тушунтирмоғимиз лозим. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишларнинг олдини олган бўламиз.

Толибжон ШАРИПОВ,

Чортоқ тумани “Зайд ибн Хориса”

жоме масжиди имом-хатиби.