CАБР ҲАР ИШГА ДАЪВО

Бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги авж олмоқда. Ҳозир инсоният оғир синовли даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Лекин, бутун жаҳонда бўлгани каби юртимизда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда. Бу биз учун бир имтиҳондир. Аслида мўмин банда синов ва имтиҳонни орзу қилмайди, балки Аллоҳдан доимо офият ва раҳматни сўрайди. Шундан сўнг ҳам синов-имтиҳонга учраса, сабр қилади. Бунинг ҳикмати борлигини идрок қилади, ҳамма нарса Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига иймон келтиради. Ўзига Аллоҳнинг раҳмати ва офияти етишини кутади. Аллоҳ таоло “Луқмон” сурасида: “Эй ўғилчам, намозни тўкис адо қил, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азм этилажак ишлардандир”, деган. Бошқа оятда эса Аллоҳ таоло “...ўзингга етган мусибатга сабр қил”.

Сабр қилмасанг, иш битмайди. Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Куни кеча Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг 2020 йил Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги Баёноти эълон қилиниб, бу йилги  Қурбон ҳайитини қай тартибда адо этшимиз лозимлигини маълум қилинди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Қурбон ҳайити (Ийдул аздҳо) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади.

Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин қурбонликка аталга жонлиқларни сўйишлари тавсия этилди.

 Бу улуғ кунларда уйларимизда сабр қилиб ўтириб, тинчлик-хотиржамликда, осуда ҳаётда ўтириб, дуо ва ибодатларимизни оиламиз даврасида ўтказайлик. Муборак арафа ва ийд кунларида аждодларимизни хотирлаш, шириндан-шакар болаларимизни дуо қилиш, тезроқ бу касалликларни даф бўлишини ва жамоат намозларига тезроқ қайтиб масжидларимиз очилишини сўраб дуои-хайр этайлик.

 

Шурулло Тўхтабаев,

Наманган тумани “ал-Масжидун Набавий”

жоме масжиди имом-хатиби