БАҒРИКЕНГЛИК БИЛАН

Бошқа давлатларда руй бераётган хунрезликларни телевидение орқали узатиладиган лавҳаларда кўриб, беиҳтиёр юртимиздаги тинчлик-осойишталикка шукроналар келтирасан киши. Ҳар бир юртдошимизни она Ватанга садоқат билан меҳнат қилишга, осуда ҳаётни қадрлашга такрор ва такрор даъват этгинг келади. Ахир йилма-йил ҳамма соҳада ижобий ўзгаришлар юз бермоқда, халқимизнинг турмуш фаровонлиги тобора юксаляпти.
Оддийгина эътиқод эркинлиги масаласини олайлик. Бағрикенгликни қарангки, бутун мамлакатимизда 16 та диний конфессия бор. Ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қиляпти, ибодатларни эмин-эркин бажаряпти. Бунинг учун эса шароитлар тўла-тўкис яратилган.
Асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган туманимизда 11та жоме масжиди фаолият кўрсатяпти. Муқаддас ҳаж зиёратини бажарганлар сони эса тобора ортмоқда. 2018йилнинг ўзида 57 нафар тумандошимиз Саудия Арабистонига бориб, мусулмонликнинг бешинчи фарзини адо этиб қайтди. Бу йил улар сони янада кўпайиши табиий. Чунки умра бўйича ўринларни квоталашда ҳам ижобий ўзгаришлар юз берди.
Исломнинг энг муҳим сифатларидан бири бу бағрикенгликдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в ҳадиси шарифларида “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир” деганлар. Демоқчимизки, биз одамларни миллатига, эътиқодига қараб ажратмаслигимиз керак. Биринчи навбатда ҳар бир одам энг аввало, Аллоҳ таоло томонидан инсон қилиб яратилганлигига шукроналар билдириши керак. Қолаверса, мана шундай юртда туғилиб ўсганлик, яшаётганлик бахтини ҳис қилиш лозим ва ўзаро аҳил-иноқликда она Ватанга меҳр-муҳаббат билан хизмат қилиш зарур. Акс ҳолда нотинчликлар руй бериши муқаррар. Зеро, буюк мутафаккирларимиздан бири Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилиб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса, ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”. Демак, барчамиз “Ўзбекистон-ягона Ватан!” деган шиор остида бирлашмоғимиз ва шу эътиқод йўлида ҳар қандай ёт ғояларга қарши фаол курашмоғимиз лозим.


Муҳибулло ХУДОЙБЕРДИЕВ
Тўрақўрғон туман бош имом-хатиби