ЭРТАНГИ КУНИМИЗ САОДАТЛИ БЎЛСИН

Бугун биз 21 асрда, яъни ҳаёт тарзи тез суръатлар билан ўзгариб бораётган ва глобаллашув жараёнларни бошидан кечираётган даврда яшамоқдамиз.

Шиддат билан чуқурлашиб бораётган дунёнинг глобаллашуви, содда қилиб айтганда бунда кечаётган жараёнлар деярли барча мамлакатларни бирдек қамраб олмоқда. Шунингдек, бу жараёнлар баъзан ер юзида парокандалик ва бузғунчилик илдиз отишига ҳам сабаб бўлмоқда. Хусусан, экстремизм ва терроризм одамларнинг эртанги кунги ишончига путур етказибгина қолмасдан, балки халқаро миқёсдаги муаммоларни, жумладан турли диний эътиқод вакиллари бўлган халқлар орасидаги ўзаро ишончга соя ташламоқда. Жаҳон тараққиётининг тамал тоши бўлган халқаро иқтисодий ва маданий ҳамкорликнинг ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.

Шунинг учун биз ёшларимизда диний экстремизм, терроризм, ақидапарастлик ғоялари сингдирилган мафкураларга қарши тура оладиган ва уларни бузғунчи ғояларига қарши кураша оладиган иммунитетни шакллантиришимиз лозим.

Бу ҳақда Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир. Илмни ҳатто Хитойдан бўлса ҳам талаб қилинглар”, деб бежизга марҳамат қилмаганлар. Чунки, илм кишини улуғликка етказиш билан бирга, уни жаҳолат ботқоғидан қутқариб, ташқи кучларнинг таъсиридан ҳимоялана олиш имконини беради. Шунинг учун биз ёшларда мустақил тафаккур ва эркин фикрлай олиш қобилиятларини шакллантириш, уларни онгига ватанпарварлик, миллийлик, халққа садоқат руҳидаги мафкураларни сингдиришимиз лозим. Кимники, мустақил фикри бўлмас экан ёки эркин фикрлай олмас экан, у кимгадур қарам бўлиб қолиши мумкин. Бу тўғрисида Али розийаллоҳу анҳу марҳамат қиладилар: “Инсон уч тоифадир: мукаммал инсон, ярим инсон ва ҳеч нарса. Мукаммал инсоннинг мустақил фикри бўлади ва ҳар бир ишда маслаҳат қилади. Ярим инсоннинг ҳам мустақил фикри бўлади, лекин маслаҳатлашмайди ёки маслаҳатлашса мустақил фикри бўлмайди. Ҳеч нарса бўлган инсон эса, маслаҳатлашмайди ҳам унинг мустақил фикри ҳам бўлмайди”.

Бугун ёшларимизнинг дунёвий, илмий, ахлоқий салоҳиятини юксалтириш, уларда юрт истиқболига садоқат, миллий-маънавий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини кучайтириш, жамиятимизда диний ақидапарастликни ҳар қандай кўринишларини олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.

 

Шарифхон ЮНУСОВ,

Чортоқ тумани “Ҳазрати ибн Аббос”

жоме масжиди имом-хатиби