Эътироф ҳам шукрдир

Аллоҳ таоло ўзини фазли-карами ва инояти ила инсон зотини ақл-идрокли қилиб яратди.  Қарангки, унга бехисоб неъматларини ато қилиб, ундан фойдаланишлик бахтини ҳам муяссар қилди. Эндиликда, бу неъматларга шукр айтишлик барчамизга бурч ва вазифадек зиммамига тушмоқда. Ахир, Аллоҳ таоло шукр қилгувчи бандаларини дунё ва охират саодатига эга бўлишини тантанали ваъда қилди. Қуръони каримда: “Аллоҳ шукр қилгувчиларни, албатта мукофотлагай” (Оли Имрон, 144) деб, баралла оятлар нозил бўлди.

         Аллоҳ таоло истиқлол неъматини эл-юртимиз учун тож қилиб ато этди.  Узоқ йиллик истибдод ва залолатдан кейин ҳурлик ва ҳидоятга мушарраф бўлди.

         Ўзингиз ўйлаб кўринг: мустақилликдан олдин минглаб масжидларни тўлдириб, ёшу-қари ибодатларини адо этишлари қаерда эди?

         Халқимиз севиб мутолаа қилаётган Қуръон ва хадис, уламоларни ноёб асарлари қаерда эди?

         Олдинлари минг-минглаб мусулмонларимизни ҳаж ва умра қилишлари мумкинмиди?

         Ўнлаб диний ўқув юртларида юзлаб толиби илмларни таҳсил олишлари ақлга сиғармиди?

         Буларнинг бари мустақиллик неъматининг меваси. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.  Кейинги йилларда юртимизда барча сохаларда жадаллик билан  янгидан-янги халқимиз, юртимиз учун ислоҳотлар олиб борилмоқда. 2018 йил 16 феврал куни мухтарам Юртбошимизнинг “Диний-маърифий соха фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилиши барчамиз орзиқиб кутган ходиса бўлди. Фармонда Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этилиши,  уни таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхандарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этиши белгилаб қўйилди. Унда Хадис илми мактабини ташкил этиш ва “Имом Бухорий” давлат мукофотини таъсис этиш хам назарда тутилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши ва уни асосий вазифалари белгилаб берилишлиги диний соха ходимларига катта имкониятлар эшигини очиб берди.

         Наманган вилояти Чуст тумани диний соха ходимларини малака ошириш ўқувларида туманимиздаги имом-хатиб ва имом-ноиблар, отинойилар, маҳаллий домлалар иштирок этди. Малака ошириш ўқувларида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси  масъул ходимлари ва Ўзбекистон ҳалқаро ислом академияси ўқитувчилари томонидан диний соҳа ходимларига зарур бўлган мавзуларда мароқли машғулотлар ўтилди.

         Биз диний соха ходимлари бизга берилаётган бундай эътибор ва имкониятлардан  қалбимиз қувончга тўлди. Ўз фаолиятимизда устозлардан ўрганган илмлар билан “жахолатга  қарши маърифат билан курашиш”ни ўз олдимизга вазифа деб биламиз.

 

 

Баҳодир ШАРИПОВ

Чуст тумани бош имоми ва

“Мавлоно Лутфуллоҳ” масжиди имом-хатиби