ФОЖИАГА ОЛИБ БОРУВЧИ ЙЎЛ

20 асрнинг иккинчи ярмидан ҳозирги кунимизга қадар бутун ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси вабо сингари тез суръатлар билан тарқалиб бормоқда. Бу балонинг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди.  Бу иллатнинг тарқалишига қарши Ўзбекистонда ҳам қатор чора-тадбирлар белгиланиб, амалга ошириб келинмоқда.

Лекин бу бало-офат йўқолиш ўрнига дунёдаги давлатларни тобора кўпроқ ташвишга солмоқда. Энг афсусланарлиси шундаки, бу иллатдан моддий даромад орттириш мақсадида тижорат қилинаётгани ва бу ўн гулидан бири очилмаган ёшларнинг қурбон бўлишига олиб келаётганидир. Разолат манбаи саналмиш гиёҳвандлик эркагу аёл ўртасида илдиз отаётганлиги виждонли, ақл-идрокли кишиларни бефарқ қолдирмаслиги керак.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ўзининг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тоза, пок нарсаларнинг ҳалоллиги, нопок нарсаларнинг харомлигини уларга билдириш вазифасини юклади. Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламҳадисларида “Ҳар бир баданни бўшаштирувчи ва маст қилувчи нарса харом” дедилар(Имом Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда “Ҳар ким ўзини ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган (Имом Термизий ривояти). Ҳақиқатан гиёҳванд моддалар заҳардан ҳам ёмондир, чунки заҳар инсоннинг ўзига зарар етказса, гиёҳвандлик бутун оламга зарарлидир.

Қуръон каримда Аллоҳ таоло ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз, дейди. Имом Аҳмад ва ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда: “ Ислом динида ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар келтиришлик йўқ”, дейилади. Гиёҳвандликнинг зарарлари беҳисобдир. Унга ишлатилаётган харажатлар эса шахсга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтириш билан бирга, исрофгарчиликка киради. Қуръони каримда “Еб ичинглар, лекин исроф қилманглар. Аллоҳ таоло исрофгарларни ёқтирмас”, дейилган. Ҳадиси муборакда эса: “Аллоҳ таоло сизларнинг молу давлатларингизни исроф ва зое қилишдан ман этади”, дейилади.

Гиёҳвандликнинг тиббий зарарлари уни бурун, оғиз ёки укол орқали истеъмол қилингандан сўнг қонга сўрилиб, жигарга зарба беради. Жигар дош бера олмай церрозга айланади, жигар ва қон бузулиб, марказий асаб тизимига зарар етказади. Оқибатда, инсоннинг ҳид ва таъм билиш каби сезги органлари ишдан чиқади. Вужуди титраб-тортишиб оғрийди, организм гиёҳванд модда талаб этади ва шу талаб доирасида гиёҳванднинг кўзлари қизариб, ақли заифлашади, барча нарсага лоқайд бўлиб қолади. Биргина илинжи гиёҳванд моддани топиб истеъмол қилиш бўлади, холос. Мақсадига эришганидан сўнг сал ўзига келгандай бўлади-ю, бир оз вақт ўтгач, ҳаммаси такрор бошланади.

Гиёҳванднинг жамиятга зарарлари жуда кўп: у нафақат ўзига, балки оиласига, ишига, касбига ва ўқишига нисбатан қизиқиш бутунлай йўқолади. Оқибатда, оила парокандаликка учрайди, ногирон бўлиб туғилаётган чақалоқ, етимлар кўпаяди. Гиёҳвандлик моддаси қулига айланган бу нокаслар пул илинжида ота-онасига қўл кўтаради, охирати куяди, бошқа жиноятларга қўл уради. Алал-оқибатда бу бало ўлим ёки қамоқ билан жазоланади. Бу унинг дунёдаги азоби, охиратдагиси эса бундан-да қаттиқроқ бўлади.

Шу ўринда яна бир нарсани эслатиб ўтсак: гиёҳванд моддасини олиб кирувчи, савдоси билан шуғулланувчи, экиб етиштирувчиларнинг топган маблағи харомдир.      Уни ҳалол санаган кофирдир. Уламоларимиз гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб харомдир, уларнинг орқасида намоз ўқилса қабул эмас, улардан келган фойда харомдир, уни сотган ҳам, олган ҳам харомдир, ундан тушган маблағни эҳсон қилиб бўлмайди деганлар.

Кўриниб турибдики, гиёҳвандлик моддаларини етиштириш, сақлаш, сотиш, воситачи бўлиш, истеъмол қилиш, қисқаси, қандай йўл билан бўлмасин, унга аралашиш бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фожиага олиб борувчи гуноҳи азим эканини юқоридаги оят ва ҳадисларнинг ўзиёқ яққол кўрсатиб турибди.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло огоҳлантириб, “Эй иймон келтирганлар, ўзларингиз ва аҳилларингизни ёқулғуси тошлар ва оловлардан бўлган дўзахдан асрангиз”, дейди. Бундан кўриниб турибдики, фарзандларимиз учун ҳар биримиз жавоб берамиз. Биз ота-оналар уларнинг тарбияси билан доимо шуғулланишимиз, қизиққан нарсасидан хабардор бўлиб боришимиз, дўстлари ким, қаерга бормоқда, нима билан банд, нега кеч қолмоқда каби саволларни унга беришимиз шарт. Шу ва бошқа одобга доир нарсалар билан шуғулланайлик, фарзандларимизни бирор-бир фойдали касб-хунар билан бўш вақтини банд қилайлик. Уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатидан доимо огоҳ бўлайлик.

 

Абдулвоҳид ИСАҚОВ,

Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой”

жоме масжиди имом-хатиби