ХОНАДОНИМИЗ ФАЙЗУ –БАРАКАСИ

Халқимизнинг йиллар давомида турли чиғириқлардан ўтиб сайқалланиб келаётган пурмаъно сўзлари бисёр. Уларнинг барида ҳаёт ҳақиқатлари мужассам. Азалдан юртимизда қарияларни қадрлашга, уларнинг дуоларини олишга ката эътибор қаратиб келинган. Бу ҳақда турли ривоятлар, ибратомуз мақоллар аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келяпти.

Қадимда бир хонадонда бой киши истиқомат қилган экан. У шу қадар бой эканки, топганидан хайр-эҳсон қилишни канда қилмас, ғарибу-ғураболарнинг бошини силарди. Унинг бу саховатини эшитган ғариб бир аёл узоқ  юртдан йўл босиб келибди. Бой киши унга саховат кўрсатибди. Аёлнинг ҳокисорлиги ва кексалигини кўриб  яна кўнгли эрибди-да, эҳсонини икки ҳиссага оширибди. Шунда аёл у кишига қараб:

-Кексаларни эъзозлаяпсанми, давлатинг янада зиёда бўлади, болам. Сенинг бу бағрикенглигинг уйда ўтирган ё отанг, ё онанг дуосидан. Уларни рози қилиб, дуосини олавер. Кам бўлмайсан, — дебди-ю кўздан ғойиб бўлибди. Орадан анча вақт ўтибди. У киши отасини жуда қариб кетгани боис саватга солиб қарабди. Аммо бешавқат ўлим отасини олиб кетибди. Бундан юрак- бағри ўртаниб шу қадар дод солиб йиғлабдики, еру-осмон титрабди. Шунда яқинларидан бири:

-Қўйинг, бу қадар куйиниб дод солманг. Ўлим ҳақ. Қолаверса, отангиз ҳам ёш эмасдилар. Уларнинг ҳақига дуо қилинг. Бойликларингизни яхшиликка ишлатинг, — дебди.

-Эй, биродар. Буни мен ҳам биламан. Аммо хонадонимдан барака кетди. Отам ҳар тонгда мени соғ-омон бўлишим, фарзандларим камолини кўришим,яхши ишларни амалга оширишим учун дуо қилардилар. Ўлим мени анна шундай бойлигимдан, дуогўйимдан айирди. Дод солишимнинг боиси шу. Улар икки юзга кириб уйимда ўтирсалар, бу бахтим эди. Қўлимдан бир ишни олмасаларда, уларнинг ўз давлатим эди, -деган экан.

Чиндан ҳам “Қариси бор уйнинг париси бўлади”. Улар қадрлаган уйда барака, файз ҳукмронлик қилади. Шукрким, миллатимизда ўз ота-онасини қариганларида эъзоз этиш ҳам фарз, ҳам қарз фарзандлар улар атрофида парвона бўлиб,дуоларини оладилар. Эътибор қаратсангиз, кексалари эъзоз этилган хонадонларда чексиз муҳаббатни, ҳатто қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй билан ўзаро оқибатни кўрасиз.

Шу боис ҳар доим ҳукуматимиз томонидан кексаларни қадрлашга ката эътиборқаратиб келинмоқда. Уларнинг ҳуқуқлари қонун химоясига олган. Қолаверса, кексаларимиз учун давлатимиз томонидан турли имтиёзлар ташкил этилган бўлиб, уларнинг барида инсон омили муқаддас эканлиги намоён этилган.

Ҳар биримиз ўз ота-оналаримизни, кекса ёшдаги қўни-қўшнилар, қариндош уруғларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга меҳр-оқибат кўрсатайлик. Зеро, бугун амалга оширилган ҳар қандай эзгу иш эртага ўз мевасини беради. Биздан, сиздан ўрнак олган ёш авлод келгусида ана шу меҳрни ўзимизга қайтарадилар.

 

 

 

Шокиржон МАНСУРОВ,

Учқўрғон тумани бош имоми ва

“Саидхон эшон” жоме масжиди имом-хатиби