ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

 

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: “Ким олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса, унга еттита яхшилик берилади:

  1. Таълим олвучиларнинг фазилатига эришади.
  2. Олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва ҳатолардан ҳоли бўлади.
  3. Уйидан чиқса, унга Аллоҳ таолонинг раҳмати тушади.
  4. Олимни олдида ўтирганларга раҳмат тушади, демак, унга ҳам шу раҳматдан насиб этади.
  5. Модомики эшитиб тураркан, унга ҳам яхшилик ёзилади.
  6. Малоикалар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Табиийки, ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.
  7. Ҳар бир қўйган ва кўтарган қадами гуноҳлари учун каффорот бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларини зиёда қилади” – деганлар.

Илм шундай неъматки, банда Яратувчисини танийди, икки дунё саодатига эришади. Шунинг учун исломда илм ўрганиш ибодат даражасига кўтарилган.

Илмлар иккига бўлинади – маҳмуд ва мазмум илмлар, яъни мақтовга сазовор ва хор қиладиган илмлар: Маҳмуд (мақтовга сазовор) илм - бу иймонни кучайтирадиган илмлар тиббиёт, ҳисоб-китоб илми, табиий фанларни ўрганиш, деҳқончилик, ҳалол касбу-корларининг рисоласидек иш тутиш. Буларнинг барчаси зарур илмларга киради.

Мазмум – хорликка олиб келувчи илмлар: сеҳрни ўрганиш, тилсимотлар, кўз боғлаш илми, харом ишлар ва касбларнинг илмини ўрганиш. Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло наздида ҳам одамлар наздида ҳам хорлик келтирувчи илмлар ҳисобланади.

Р.ХУСАИНОВ

Чортоқ тумани “Сарой” жоме масжиди имом-хатиби