ИНТЕРНЕТНИНГ ФОЙДА ВА ЗИЁНИ

Инсон кўзини  юмиб-очишида санаб адо этолмайдиган неъматларга гувоҳ  бўлади. Аллоҳ  инъом этган бу неъматларни эса, ўз ўрнига, ўз вақтида сарфлаши  лозим.

Бутун дунёда дақиқа сайин янгиликлар, кашфиётлар рўй бераётгани айни  ҳақиқат. Сизу бизни оғиримизни енгил қилувчи уяли алоқа воситалари, қолеверса изланган маълумотга эришиш имконияти бўлган интернет тармоғи ҳам юқоридаги нематлардан деб ўйлайман. Неъматни эса қадрлаш ҳам фарз, ҳам қарз. Шундай экан биз ундан ўз ўрнида фойдаланаяпмизми? кимдир ҳа, кимдир йўқ деб жавоб қайтаради.

Баъзи кишиларимизга, ёшларга ажабланасан киши. Ота-онасига иккита иссиқ нон олгани, ўзининг саломатлиги оғирлашса дори-дармон қилгани, қандайдир моддий рағбатга боғланган ҳайриятли ишларни амалга оширгани қўли калта эканини рўкач қиладию соатлаб интернет қаршисида умр ўтказади. Умуман фойдаси бўлмаган ёзишмалар, одноклассники, фейcбук ваҳоказо тармоқларида олди-қочди сўзлар билан  трафик сотиб олганман баҳонаси остида бебаҳо неъмат вақтини, маблағларини сарфламоқдалар. Бу  ачинарли ҳол албатта.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандларимизнинг ён телефонларига бир эътибор қаратинг. Сон-саноқсиз сайтлар бор. Юқорида айтганимиздек, маъносиз ёзишмалр бор. Қани эди булардан ўрнида фойдаланишни ташкил қилолсак, кўп нуқсонларимизни бартараф қилар эдик.

Миллатимизга ёт бўлган телефонларда севги-изҳор қилишлар, соатлаб  ҳаёсиз суҳбатлашишлар  юқоридаги  сайтлардан олди-қочди, беҳаё сўзларни юбориш, интернетдан ахлоқсиз кино ҳамда клипларни кўчириш каби ахлоқ нормаларига тўғри келмайдиган ишлар авжига олиб, ислоҳга киришганимизда, яна қандайдир ғаразли кимсалар ўзларини ёт ғоялари  билан  интернет оламини ҳам асосий қуролларига айлантиришга уринмоқда.

Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, кўринишидан мусулмон либосига ўраниб, аслида эса мунофиқлик, динсизлик қилиб юрган манқурт кимсалар интернет  сайтларига  жойлашишга улгурдилар. Улар оқ-қорани ажратишга улгурмаган ёшларимизни турли гўзал исломий тушунчалар билан алдаб ўз қарашларини  сингдириб, ўз тарафига оғдиришга уринмоқда.

Оилда ота-она ҳамда оқ-қорани ажратадиганлар бу фитналарга индамай кўз юмиб туришимиз ўта ачинарли ҳол албатта.

Ҳар куни иш ёки юмишдан  келганимизда фарзандларимизни бирма-бир назорат қилсак, юқоридагиларни тузоғига илиниш арафасида бўлса қутқариб қолган бўламиз. Интернетнинг салбий сайтлари ҳақида ёмон кўрсангизда ҳақиқатни айтдик. Бироқ яна бир ҳақиқат борки, интернетдан  ўз ўрнида  манфаатлансак  кўплаб  қулайликлар, илм ҳамда малакага эришамиз. 

Демак, ҳар неъматнинг яхши тарафию ёмон томони бўлганидек интернетнинг ҳам фойдали ҳамда зарарли томонлари бор. Шундай экан шу неъматдан тўғри фойдаланайлик.

Муҳаммадбобур ҒОФУРОВ,

Поп туманидаги “Саид Жалолхўжа”

жоме масжиди имом-хатиби